АОКА штабида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов иштирокида бўлиб ўтган брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
САВОЛ: Даволаниш учун шифохонага борганда коронавирус инфекциясига текширилганлик тўғрисида маълумотнома сўралиши тўғрими?
Жавоб: Йўқ, даволаш-профилактика муассасаларига даволанишга ва туғруқ мажмуаларига қабул қилишда коронавирус касаллигига текшириш ТАЛАБ ҚИЛИНМАЙДИ.
Фақат коронавирус юқиш эҳтимоли юқори бўлган қуйидаги шахслардан биологик намуна олиниб, ўрнатилган тартибда текширилиши белгиланган: бемор билан бирламчи (яқин) мулоқотда бўлган шахслар; иккиламчи мулоқотда бўлган шахслар; хорижий давлатлардан келган шахслар; тиббиёт ходимлари.
САВОЛ: Нега Тошкент шаҳри беморлар сони кўплигига қарамай, «сариқ» ҳудуд бўлиб қолмоқда? Март-апрель ойларида кунлик касаллар сони ҳозиргидан кам бўлса-да, қатъий карантин чоралари қўлланилганди?
Жавоб: Тошкент шаҳрида касаллик қайд этилган маҳалла, мавзе, даҳа ва йирик объектлар бўйича карантин чекловлари ўрнатилмоқда. Унга кўра: жами 513 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 42 таси — «қизил» ҳудуд; 132 таси — «сариқ» ҳудуд; 339 таси — «яшил» ҳудудга ажратилган.
Тошкент шаҳри пойтахт эканлиги ҳисобга олиниб, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлари ва ҳаракатларига таъсир қилмай, тадбирларни манзилли белгилаш тизимли тарзда амалга оширилмоқда.
САВОЛ: «Яшил» ҳудудда тиббий ниқоб тақмаса бўладими?
Жавоб: Республика махсус комиссияси хулосасига кўра, ҳудудларда тоифаланишидан қатъий назар қуйидаги тартибга риоя қилиниши шарт: жамоат жойлари ва тадбиркорлик фаолияти объектларида ижтимоий масофани (2 метр) сақлаш; фуқароларнинг тиббий ниқобдан фойдаланишлари шарт; уч кишидан ортиқ йиғилмаслик; антисептик воситалардан фойдаланиш.