Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мураббийлар учун халқаро семинар ўтказмоқда

0
136
марта кўрилган.
Мамлакат оғир атлетика федерацияси 21-23 декабрь кунлари пойтахтимиздаги “Миран” меҳмонхонасининг анжуманлар залида спортнинг ушбу тури мураббий ва мутахассислари учун халқаро семинар ўтказмоқда. Унга халқаро экспертлар ҳам таклиф этилган бўлиб, улар оғир атлетикага оид турли мавзуларда назарий машғулотлар ўтказишмоқда, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати. 
 
Жумладан, сербиялик Милан Михайлович “Миллий федерацияларда спорт администрацияси” ва “Оғир атлетика бўйича техник қоидалар” мавзуларида семинар тингловчиларига сабоқ бераётган бўлса, россиялик Владимир Салтиков асосан ҳакамлар билан ишламоқда. Шунингдек, Минтақавий антидопинг агентлиги (МАДА) вакили, қозоғистонлик  Кулман Нисанбаева ҳам семинарга таклиф этилган. У бугунги куннинг долзарб масалаларидан бўлган “Спортда допингга қарши кураш” мавзусида маъруза қилади. 
 
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Искандар Джураев иштирок этди. Семинар бошланишидан аввал Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов 2017 йил якунлари бўйича ҳисобот берди. 
 
Тан олиш лозим, якунига етиб бораётган йил атлетларимиз учун анчагина муваффақиятли келди. Йил давомида спортчиларимиз турли ёш тоифаларида 9 та халқаро мусобақада иштирок этиб, 161 та медалга сазовор бўлишди. Уларнинг 54 таси олтин, 51 таси кумуш, 56 таси бронза медалларидир. Айниқса терма жамоамиз аъзолари Бокуда бўлиб ўтган IV “Ислом бирдамлиги ўйинлари”, Ашхабод шаҳри мезбонлик қилган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинлари ҳамда яқиндагина АҚШнинг Анахайм шаҳрида якунига етган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати каби нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. 
 
Эътиборлиси, океан ортида бўлиб ўтган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида терма жамоамиз аъзолари 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан умужамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллашди. Демак, мамлакатимиз спорт тарихида биринчи марта Ўзбекистон терма жамоаси катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини кучли учликда якунлади. 
 
Шунингдек, жорий йилнинг 3-10 апрель кунлари Бангкок (Таиланд) шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида терма жамоамиз муваффақиятли иштирок этиб, 2018 йил Аргентида бўлиб ўтадиган III ўсмирлар Олимпия ўйинларига 3 та йўлланма қўлга киритишди. Буэнос–Айрес мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинларига хозирги кунда 4 нафардан энг кучли қизлар ва ўсмирлар тайёргарлик кўришмоқда. Улар орасида энг муносиблари ўсмирлар Олимпия ўйинларида иштирок этади. Шундай экан шак шубҳасиз 2017 йилги мавсумни Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси учун омадли келди деб айтиш мумкин. 
 
Семинарнинг иккинчи кунида унга таклиф этилган халқаро экспертлар мураббийлар учун назарий машғулотлар ўтказишди. Эртага, 23 декабрь куни энди Миллий олимпия қўмитасининг мажлислар залида “Спортда допингга қарши кураш” мавзусида семинар бўлиб ўтади. Унда нафақат оғир атлетика, балки олимпия оиласига аъзо  бошқа спорт федерация ва ассоциациялар бош котиблари, терма жамоа бош мураббийлари ва жамоа шифокорлари иштирок этишади.
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.