АОКА ҳузуридаги штабда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Эшмаматов иштирокида ўтказилган брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
САВОЛ: Карантин вақтида лицензиясини янгилай олмаган мураббийлар қачон малака ошириш курсларида ўқишлари мумкин?
Жавоб: Карантин даврида мураббийлик лицензиясининг амал қилиш муддати жорий йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилган.
Маълумот учун: 2020 йил май ойида масофадан ўқитиш орқали шартнома асосида 118 нафар тренер малакасини оширди.
САВОЛ: Бассейнлар фаолиятига 5 июндан рухсат берилди. Демак, «яшил» ҳудудда бемалол сув спорти билан шуғулланиш мумкинми?
Жавоб: Бассейнлар фаолиятига “яшил” ҳудудларда рухсат берилган бўлиб, бунда фақат ўша ҳудуддаги спорт таълим муассасаларининг ёш спортчилари машғулотлар олиб бориши мумкин.
Шунингдек, Соғломлаштириш гуруҳлари ва аҳоли вакилларига эса хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ҳозирча рухсат берилгани йўқ.
САВОЛ: Фарзандим кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони. Бироқ янги ўқув йили учун у имтиёзга эга спортчилар қаторига киритилмади. Нега?
Жавоб: Кураш Осиё ўйинлари дастурига киритилган, лекин Олимпия ўйинлари қаторига киритилмаган. Президент Фармонига кўра, имтиёз фақат Олимпия ва Паралимпия спорт турлари ғолиб ва чемпионларига берилади.
САВОЛ: «Яшил» ҳудудларда спорт иншоотлари ва тўгаракларига рухсат берилди. Фарзандларимиз маҳалладаги сунъий қопламали футбол майдонида футбол ўйнашганига маҳалла нозири жарима солди. Шу тўғрими?
Жавоб: Агар футбол майдони санитария-гигиена қоидаларига мувофиқ тегишли ускуналар билан таъминланмаган бўлса (дезинфекцион «тўшак», пирометр, антисептик воситалар ва ҳоказо), ўйиндан аввал дезинфекция ишлари олиб борилмаган ва маҳалла нозири бу ҳақда огоҳлантирилмаганда ўйинни тўхтатиш ва тақиқлаш мумкин.