Мамлакатимизда хусусий бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига кенг имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиб берилаётгани боис бугун воҳамизга ишбилармонлар томонидан келтирилган ва юксак самара билан ишлаб чиқаришга жорий этилаётган босма ускуналарнинг афзалликлари чоп қилинаётган газеталаримиз қиёфасидаёқ кўриниб турибди.
Бугунги кунда воҳада чоп этилаётган босма маҳсулотларнинг барчаси сифатли ва рангли тасвирда ўқувчилар қўлига етиб боришида тадбиркорларнинг улкан ҳиссалари бор.
Бугунги пандемия шароитида ишлаб чиқариш қувватини пасайтирмасдан, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, ишчи ўринларини сақлаган ҳолда ишни ташкил қилиш корхоналарнинг муҳим вазифаларига айланди. Албатта бундай вазиятда карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, меҳнаткашлар саломатлигини доимий назоратга олиш ҳар бир раҳбардан масъулият талаб этмоқда.
Кейинги йилларда вилоятимизга ишнинг кўзини билган тадбиркорлар томонидан республикадаги бошқа турдош корхоналар билан тенглаша оладиган энг замонавий матбаа ускуналари келтирилди ва қисқа муддат ичида мутахассисларимиз унинг имкониятларидан самарали фойдалана бошладилар. Иқтисодиётда, ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамиятга эга бўлган қоғозни қайта ишлаш, гофра картон, қадоқлаш учун қутичалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Замонавий матбаачилик ҳақида гап борганида унинг тарихи ва ўтмиши тўғрисида гапириб ўтиш ўринлидир. Тошбосма воситасининг Хоразм воҳасига қандай вазиятда келтирилганига бир назар соламиз.
Матбаачилик тарихидан. 1874 йилда Марказий Осиёда, айнан Хивада тошбосма ускунасининг ишга туширилиши оламшумул аҳамият касб этган эди.
Илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат ҳомийси бўлган Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II – Феруз ҳаттотлар ишини енгиллаштириш ниятида ўзининг энг ишончли кишилари ёрдамида Эрон, Россия, Ҳиндистон ва Хитойдаги тошбосмаларнинг фаолиятини пухта ўрганади. 1866 йилда Теҳронда ўнта босмахона иш олиб бораётганидан воқиф бўлган хон Хивада ҳам ана шундай тошбосма очишга астойдил киришади. 1874 йилда хон буйруғи билан китоб чоп этиш учун Швейцариянинг Женева шаҳрида ишлаб чиқарилган дастгоҳлар Хивага келтирилади.
Хон тошбосмада яхши ишлай оладиган мутахассисларни жалб этиш мақсадида Эрондан кўмак сўрайди ва шартнома асосида эронлик уста Иброҳим Султон ишга таклиф этилади. Шу зайлда биринчи тошбосма (литография) Хива хонлигида ишга туширилади.
Иброҳим Султон ўзига муносиб, ишончли бир шогирд ва ҳамроҳ излайди. Касбнинг машаққатли томонлари кўп бўлгани учун унга нафақат жисмонан бақувват, чаққон, балки зеҳни ўткир, бир нечта тилларни ҳам мукаммал биладиган шогирд зарур эди. Ана шундай муносиб шогирд Отажон Абдолов бўлди. У форс тилини, араб алифбосини яхши билгани, табиатан зеҳни ўткир, шунингдек,уқувли ва чаққон бўлгани учун ҳам устага ёқиб қолди.
Устоз ёш шогирдига касб сирларини пухта ўргатади ва қисқа вақт ичида Отажон тошбосмани ўзлаштириб олади. Иброҳим Султон шогирди Отажон Абдол ўғли билан 1874 йилнинг ўзида Алишер Навоийнинг “Ҳамса” асарини ва Мунис Хоразмийнинг “Мунис ул-ушшоқ” (“Ошиқлар дўсти”) асарини босмадан чиқаради. Иброҳим Султон бир йил Хивада бўлиб Отажонга китоб нашр этиш сир-синоатларини ўргатади ва бир йилдан сўнг ўз юрти – Эронга қайтиб кетади. Отажон Абдолов эса китоб босишни давом эттиради. Хива литографиясида 1876 йилда Абу Наср Форобийнинг “Нисобус-сибиён” (“Болалар насибаси”), 1879 йилда Шермуҳаммад Муниснинг “Мунис ул-ушшоқ”, 1880 йилда Алишер Навоийнинг “Хамса”сидан, “Ҳайрат ул-аброр” ва 1882 йилда “Ҳазойин ул-маоний” ва Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Таъвиз ул-ошиқин”, 1897 йилда Муҳаммад Раҳимхон II — Ферузнинг “Девони Феруз”, 1909 йилда Табибийнинг “Мажмуот уш-шуаро” китоблари босмадан чиққан.
“Отажон босма”. Шартнома муддати тугаб, Иброҳим Султон ўз юртига қайтиб кетади ва устознинг ишларини муносиб давом эттириш Отажон Абдолов зиммасига юклатилади. Ёш уста тошбосманинг яна кўплаб сир-синоатларини ўрганишга ҳаракат қилди ва шу соҳанинг етук мутахассислари Алексей Салапов ҳамда Густав Шнейделларга шогирдликка тушади. Отажон қисқа вақт ичида тошбосма усулининг барча сирларини ўрганиб, уни санъат даражасига кўтариш эришади ҳам. Бора-бора маҳаллий халқ ўртасида Отажон Абдолов “Отажон босма” номи билан машҳур бўлади.
Хива босмахонасидаги ишлар йиллар ўтиши билан яна ривожланди. Феруз — Муҳаммад Раҳимхон II матбаачиликнинг кўплаб ускуналарини келтириш ва жорий этиш мақсадида Отажон Абдоловни Тошкент, сўнгра Москва шаҳарларига жўнатади. Уста борган ерларида газета, китоб чоп этиш касбининг сир-асрорларини мукаммал ўрганади ва шу соҳанинг етук, билимдон кишисига айланади. Кўплаб шогирдлар тарбиялайди, уларга ўз ишини ўргатади.
1920 йилга қадар Хивада кўплаб китоблар босмадан чиқарилган бўлса-да, ҳали газета чоп қилинмаган эди. Зеро, бу вақтда Туркистоннинг бошқа ҳудудларида тошбосмада газеталар аллақачон чиқарилиб бошланган эди. Шу йилнинг ўзида Хивага яна кўплаб янги матбаачилик ускуналари, босмахона жиҳозлари, электромотор ва ҳарфлар келтирилади.
Шу йилдан эътиборан Хивадаги тошбосма фаолиятида буткул янги бир босқич бошланади. Яъни газета чоп этиш йўлга қўйилади. Шу йилнинг 8 март куни “Инқилоб қуёши” (ҳозирги “Хоразм ҳақиқати”) газетасининг биринчи сони босмадан чиқади. 1927 йилда Отажон Абдолов дунёдан ўтади. Унинг бу эзгу ишларини шогирдлари давом қилдирадилар.
Хоразмда матбаачилик саноатини ҳақиқий санъат даражасига кўтарганлар. Хивадаги босмахона 1928 йилнинг 1 июлида Урганч шаҳрига кўчирилади. Отажон Абдоловнинг муносиб издошлари Хива, Урганч шаҳарлари ва воҳамизнинг барча туманларида бу хайрли ишни давом эттирдилар. Воҳада матбаачилик саноатини ҳақиқий санъат даражасига кўтарган Отажон Абдоловнинг шогирдлари Ота Мискинов, Низомиддин Шамсиддинов, Бойбобо Маҳмудов, Раҳимберган Худойберганов, Содиқ Ҳалимов, Матёқуб Камолов, Бойжон Отажонов, Раҳмонқул Отажонов, Қодир Абдуллаев, Матрасул Машарипов сингари кишиларнинг самарали меҳнат қилганликларини алоҳида таъкидлаш мумкин.
Бугунги матбаачилик. Матбаачилик соҳаси Ўрта Осиёда илк бор Хоразмда, айнан Хивада ташкил топгани воҳа одамларининг қалбида ўзига хос ғурур уйғотиши табиий. Бугунги кунда ҳам Отажон Абдоловнинг ҳақиқий издошлари, ана шундай қўли гул матбаачилар – Хива шаҳридаги “Комил Эркин” ИЧСФ, Урганч шаҳридаги “Хоразм вилоят босмахонаси”, “Қувончбек-Машҳура” МЧЖ, “Урганч тезкор матбаа”, МЧЖ босмахоналари, Гурландаги “Шер”, Хонқа туманидаги “Эътиқод” хусусий фирмаси босмахоналарида самарали фаолият олиб бормоқдалар.
Вилоятдаги эллик битта босмахонада замонавий матбаа ускуналари юқори натижалар билан ишлаб чиқаришга жорий этилган.
Ҳозирда “Хоразм”, “Қувончбек-Машҳура” нашриётларининг турли номдаги адабиётлари, китоблар, услубий қўлланмалар замонавий офсет матбаа ускуналари ёрдамида чоп этилмоқда.
Бугун Отажон Абдоловнинг издошлари – вилоятимизнинг фидойи тадбиркор матбаачилари шу соҳанинг том маънодаги мутахассисларига, тажрибали ноширларига айланишган.
Вилоятда Япония, Чехия, Ҳиндистон, Хитой ва Швейцарияда ишлаб чиқарилган офсет матбаачилик ускуналари самарали ишлатилмоқда. Маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш, буюртмачиларга намунали хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида Тошкент, Москва шаҳридан, Ҳиндистон, Хитой давлатларидан мутахассислар таклиф этилиб, ёшларга матбаачилик сир-асрорлари ўргатиб келинмоқда.
Инвестициялар ва янги иш ўринлари. “Қувончбек-Машҳура”, “Урганч тезкор матбаа” МЧЖ ва “Комил Эркин” ИЧСФ босмахоналарига энг сўнгги русумдаги матбаа ускуналарининг келтирилиши ва режалаштирилиши баробарида юзлаб ишчи ўринлари яратилди. Кейинги уч йил ичида соҳага 1 миллионга яқин АҚШ доллари миқдорида лизинг ва кредит линиялари ҳисобига чет эл инвестициялари киритилди.
Отажон Абдолов издошлари-ўз соҳасининг ишбилармонлари, матбаачиларга халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги, фарзандларимиз келажаги, оилаларимиз бахти-саодати йўлидаги ишларида омадлар ёр бўлишини тилаймиз.
Дилбар БЕКЧАНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи