Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 20 февраль куни Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимидаги нутқида Истанбулда Абу Райҳон Беруний номидаги университет борлигини, Туркия китоб фондларида Алишер Навоий асарларининг 100 дан ортиқ қўлёзмалари сақланиб келинаётганлигини фахр билан таъкидлаган эди:
– Ўзбек ва турк халқларининг илдизи бир, маънавияти муштарак. Имом Бухорий, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Алишер Навоий мероси халқларимизнинг миллий юксалишига катта ҳисса қўшган. Қозизода Румий Самарқандда мударрислик қилган. Али Қушчи ҳаётининг сўнгги йилларини Истанбулда ўтказган. Абдурауф Фитрат, Муҳаммадшариф Сўфизода, Саид Аҳрорий каби кўплаб жадид боболаримиз Туркияда таҳсил олган.
Олий даражадаги учрашувдан кейин маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликлар янада юксалди. Озодбек Назарбеков хушовоз хонанда сифатида элимизнинг назарига тушган, меҳрини қозонган эди. Эндиликда ташаббускор ва салоҳиятли ташкилотчи эканлигини ҳам кўрсатди. Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида суратга олинган “Беруний” номли ҳужжатли фильм намойиши ҳамда турк ва инглиз тилларида чоп этилган “Беруний” китобининг тақдимоти ҳам буни исботлаб турибди.
Шунингдек, айни кунда “Мендирман Жалолиддин» сериалида ҳамкорликда ижод қилаётган ўзбек актерлари барчани қизиқтирмоқда. Сериалда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Саида Раметова, Тоҳир Саидов, Ботир Холмирзаев, Раъно Шодиева, актёрлар Жавоҳир Зокиров, Алишер Узоқов, Адиз Ражабов, Акбархўжа Расулов, Акмалжон Мирзаев, Райҳон Уласенова, Юлдуз Ражабова, Феруза Норматова, Фарҳод Бадалов, Нурмуҳаммад Ҳусниддинов, Жамшид Сагатов, Яҳё Пўлатов, Жаҳонгир Абдумаликовлар ҳам суратга тушмоқда. Улар от миниш ва қиличбозлик бўйича махсус тайёргарликдан ўтишди. Шу билан бирга турк тилини мукаммал ўрганиб, тарих фани бўйича ҳам билимларини бойитишди. Ҳа улар халқимиз меҳнаткаш, ғайратчан, ташаббускорлигини яна бир карра исботлашди.
“Bozdag‘ film” кинокомпанияси раҳбари Меҳмет Бўздағ юртимиз актёрлари ҳақида эзгу фикр билдириб шундай деди: Улар энди дунё миқиёсидаги фильмларда ҳам рол ўйнашга тайёр. Шахсан ўзим кейинги фильмларимга ҳам айнан ўзбек актерларини жалб этмоқчиман, чунки кейинги сериалимиз Мирзо Улуғбек ҳақида бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос, таржимон ва ношир Бобохон Муҳаммад Шариф сериал бош маслаҳатчиси сифатида қатнашмоқда. Либослар бўйича Севара Зуннунова ва Шарофат Ҳасанхўжаева дизайнер сифатида фаолият юритишмоқда.
Ўзбек ва турк халқлари билан бирга бутун жаҳон аҳли ушбу сериални севиб томоша қилади, деган умиддамиз.
Gujum.uz