Бола иммунитетини кучайтиришга бағишланган қуйидаги суҳбат Cоғлиқни сақлаш вазирлигининг ўқув-тарбия муассасалари бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Инобат Аҳмедова билан уюштирилган.
– Маълумки, касалликка чалинмаслик ёки уни енгил ўтказишда иммунитет муҳим ўрин тутади. Шу маънода ўқувчиларнинг овқатланиш рациони қай тартибда бўлиши керак?
– Мактаб ўқувчиларидаги иммунитет заифлигига кўпинча витаминлар танқислиги, ёмон уйқу ва доимий психологик стресс сабаб бўлади. Келинг, иммунитетни кучсизлантирадиган омилларни кўриб чиқамиз.
Психологик ҳолат ва болалар иммунитети. Уйдаги ижобий психологик микроиқлим болалар саломатлигининг муҳим шартидир. Сиз болага баланд овозда гапирмаслигингиз, тез-тез танбеҳ бермаслигингиз керак. Мактаб ўқувчисининг психологик ҳолатини барқарорлаштиришнинг энг яхши усуллари бу дўстлар билан учрашиш, севимли машғулотлари билан шуғулланиш, ота-оналар билан фильм томоша қилиш, ўйин ўйнаш ва саёҳат қилиш кабилардир.
Соғлом уйқу ва кун тартиби. Мактаб ёшидаги болаларининг организми маълум ритмларга мослашади. Шунинг учун ухлаш, овқатланиш, ўйнаш, юриш ва машқ қилиш учун вақт топиш жуда муҳимдир. Иммунитетни яхшилаш учун болани ёшлигиданоқ режимга кўниктириш яхшироқдир. Турли ёшларда эрталаб туриш, тушлик қилиш, уй вазифасини бажариш ва ётишга тавсия этилган вақт мавжуд.
Кичик мактаб ёшидаги бола кечқурун соат 21:00да ётиши ва эрталаб соат 7:00да туриши керак, каттароқ ўқувчилар кейинроқ, соат 22:00да ётишлари мумкин. Тўлиқ кунлик дам олиш иммунитетга ижобий таъсир кўрсатади. Уйқу пайтида бола организмидаги метаболизм тезроқ бўлади, шунинг учун болалар бу соатларда яхши ўсади.
Овқатланиш рациони. Мактаб ўқувчилари орасида пала-партиш овқатланувчи болаларнинг сони йилдан йилга ортиб боряпти. Ярим тайёр фасфуд таомлар ва ўқув жараёни билан боғлиқ бўлган оғир юклама кўпинча болаларга зарур бўлган витамин ва минералларни овқатдан олишига тўсқинлик қилади. 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган даврда боланинг танасида бир вақтнинг ўзида ўсиш ва ўрганиш вазифаларини турганини унутмаслик керак. Бу эса ота-онадан алоҳида эътибор талаб этади.
Бола кунига камида 4 марта овқатланиш керак. Соат 7:30-8:00да нонушта (уйда, мактабга кетишдан олдин), 10:30-11:30да мактабда иссиқ нонушта, 14:00-15:00да мактабда тушлик ёки уйда 19:00-19:30да кечки овқат.
Агар болада озғинлик ёки ортиқча вазн бўлса, овқатланишни созлаш учун шифокор маслаҳати зарур. Спорт билан шуғулланадиган ўқувчининг овқатланиши жисмоний машқлар ҳажмини ҳисобга олган ҳолда тузатилиши талаб этилади.
Йодланган тузни доимий истемол қилиш, сув ичиш режимига амал қилиш ва овқатланиш рационида витанимларга бой бўлиши керак.
Иммунитетни оширишга табиий антиоксидант бўлган асал ва вирусларга қарши самарали курашадиган саримсоқ ёрдам беради. А витамини билан бойитилган сабзи ва ширин картошкани, цитрус мевалари ва брокколи С витамини ҳамда грипп ва нафас йўлларининг юқумли касалликларига қарши курашишда ёрдам берадиган Е витаминига бой ёнғоқлар, албатта, болалар рационида бўлиши мақсадга мувофиқ.
Тўғри овқатланишни ташкил қилишдаги биринчи қадам овқатланиш маданиятига риоя қилишдир. Нонушта, тушлик, кечки овқат мунтазам бўлиши ва жадвалга мувофиқ бўлиши керак.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.