Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси давлат раҳбарларининг Қирғиз Республикасидаги воқеалар юзасидан қўшма баёноти

0
185
марта кўрилган.

Қардош Қирғизистонда содир бўлаётган воқеалар бизни жиддий ташвишга солмоқда.

Кўп асрлик дўстлик ришталари, яхши қўшничилик, умумий маданий ва маънавий қадриятлар билан боғланган яқин қўшнилар сифатида биз ушбу қийин кунларда Қирғизистон халқини мамлакатда тинчликни сақлаш ва барқарорликни тиклаш учун ўзига хос бўлган доноликни намоён этишга чақирамиз.

Қирғизистоннинг барча сиёсий партиялари ва жамоатчилик доиралари тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, Конституция ва миллий қонунчиликка сўзсиз риоя қилиш билан юзага келган муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган саъй-ҳаракатларни амалга оширишига умид билдирамиз.

Қирғизистоннинг равнақи минтақавий хавфсизлик ва бутун Марказий Осиё барқарор ривожланишининг муҳим омилидир.

Мамлакатларимизнинг ўтмиши бир, улар умумий келажакни барпо этмоқда. Марказий Осиё халқларини тарихий жиҳатдан келажак авлодлар фаровонлиги учун барқарор тинчлик, тотувлик ва бунёдкорлик истаги бирлаштиради.

Муштарак мақсадларга интилган ҳолда, давлатларимиз савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқаларни, чегараолди ва ҳудудлараро шерикликни кенгайтириш учун минтақавий ҳамкорликни фаол равишда мустаҳкамламоқда.

Марказий Осиё бирдамлигини янада мустаҳкамлаш йўлидан борар эканмиз, биз Қирғизистон халқини унинг ҳамжиҳатлик, тинч, мустақил тараққиёт ва фаровонлик борасидаги интилишида доимо қўллаб-қувватлаймиз.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.