Чурра хуружи даврида нима қилиш лозимлиги ва уни даволаш усуллари кўпчилик муштарийларимизни қизиқтиради. Таҳририятга мактублар ҳам йўллашган. Навбатдаги мавзу шу хусусида.
— Чурра хуружида кўнгил айниши, қайт қилиш, чурра жойлашган соҳа атрофи қўл билан пайпасланганида қоринда тўлғоқсимон оғриқ кузатилади. Чурра катталашиб, таранг бўлиб қолади. Бу ҳолатларда оғриқ қолдирувчи дорилар қабул қилиш тақиқланади.
Чурра ташхиси қўйилгач, ўзбилармонлик билан даволаш асло мумкин эмас! Энг тўғри танлов — шифокор кўригидан ўтиш ҳамда буюрилган даво муолажаларини бажаришдир. Кимлардир умуртқа поғонасини босиш, уқалаш ва шунга ўхшаш амалиётлар билан даволашни таклиф этади. Бу каби чоралар шикастланган умуртқани янада қийнаб қўйиши, касаллик зўрайишига олиб келиши мумкин.
Бугунги кунда касаликни даволашнинг лазерли ва эндоскопик усулларидан фойдаланилади. Чурра инсон танасидаги ўсимта ҳисоблангани, шунингдек, вақтида чора кўрилмаса, салбий оқибатларга олиб келгани учун уни режали жарроҳлик йўли билан даволаш маъқул кўрилади. Бунда бемор тўлиқ текширувлардан ўтказилади. Организмидаги барча тизимлар фаолияти ўрганилиб, бемор соғлиғининг ҳолатига кўра операция қилинади. Масалан, юрак етишмовчилиги бор беморларни аввал кардиолог тавсиясига асосан даволаниши маслаҳат берилади. Чунки, анестезия юрак фаолиятига таъсир қилади. Чурра хуружида эса бу беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.
Умуртқа чуррасини дори-дармонларсиз ҳам даволаса бўлади. Жумладан, ҳозир сув муолажалари кенг йўлга қўйилган.
Чурранинг пайдо бўлган муддати жуда катта аҳамият касб этади. Уч ойгача бўлгани енгил, уч ойдан олти ойгача бўлган чурра эса сурункали саналади. Бундан ташқари, ҳажмига ҳам эътибор қаратилади. Агар у 9 миллиметрдан кичик бўлса, жарроҳлик аралашувисиз даволаш мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими ушбу мақолани тиббиёт фанлари доктори, профессор Шоҳайдар ШОТУРСУНОВ ва тиббиёт фанлари номзоди Мурод Каримов билан суҳбати асосида тайёрлади.