Шавкат Мирзиёев: Хоразмда юриб, маблағлар бериб, режалар тузишдан мақсад–одамларни, айниқса, аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш

0
160
марта кўрилган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев  жорий йил май ойида фойдаланишга топширилган Урганч шаҳридаги технопаркда бўлди.  Қисқа вақтда бу ерда иккита корхона фаолият бошлади. Улар кийим-кечак ишлаб чиқарувчи «Oq oltin mega tekstil» ҳамда металлдан турли маҳсулотлар тайёрлайдиган «Great Khorezm” ширкатларидир, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.  

Президентимиз текстил корхонаси маҳсулотларини кўздан кечирди. Мазкур ширкатга Германия, Италия, Туркия каби давлатлардан келтирилган тикувчилик дастгоҳлари ўрнатилган. Болалар ва катталар кийимлари, жинси шим каби 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 75 фоизи экспортга йўналтирилмоқда.

Корхонада Урганч ва Хива шаҳарлари, Янгиариқ, Хонқа ва Урганч туманларидан 400 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари улар билан суҳбатлашди.

– Сизларни кўрганимдан, мана шундай ҳунар эгаллаб, ўзларингга ёққан фабрикада ишлаётганларингдан хурсандман. Одамларни, айниқса, аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш бўйича катта ҳаракатлар қиляпмиз. Бугун-эрта Хоразмда юриб, маблағлар бериб, режалар тузишдан мақсад ҳам шу, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз уйда ўтирган аёлларни касаначилик асосида ҳам ишга жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.

Бугунги кунда технопаркнинг қолган блокларига ҳам ускуналар олиб келинмоқда. Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, йилига қарийб 87 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, 5,8 миллион долларлик экспорт қилиниши мўлжалланган.

Шу ерда Хива шаҳри ва Гурлан тумани мисолида инфратузилмани яхшилаб, туризм ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш лойиҳалари муҳокама қилинди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.