Қайнонам Жумагул Рўзметова ҳикояси: Эр-хотин ёш педогоглармиз. ТошДУни битказгач, Хоразм вилоятининг чекка тумани Гурландаги энг чекка Гулистон қишлоқига ишга жўнатишди.
У даврларда олий ўқув юртини тугатган ёшлар йўлланма билан эл-юрт учун зарур жойларга ишга юбориларди. У ердаги мактабга математика ўқитувчилари керак экан.
Мен буни нега гапириб беряпман? Бунга иккита сабаб бор. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 1 апрель куни аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида чекка ҳудудда ишловчи шифокорларга 30 миллион сўм пул берилиши белгиланиб, бу мақсадлар учун бюджетдан 20 миллиард сўм ажратилган бўлсада чекка ҳудудларга врачлар кўнгилли бўлиб бормаётганини куйиниб шундай деб таъкидлади: “Орадан 4 ой вақт ўтган бўлса-да, бирорта талабгор-врач билан шартнома имзоланмаган. Ваҳоланки, бугунги кунда олис ва чекка ҳудудлар учун 220 та шифокор зарур. Бундан ташқари, ҳудудларда 10 минг нафар ихтисослашган мутахассис етишмайди”.
Мени фикримча, бизнинг ёшлигимизда қўлланилган усулни қайта жорий этиш керак. Олий ўқув юртини битирган мутахассисни йўлланма билан эл-юртга зарур қишлоқларга жўнатиш лозим. Бу ёш мутахассиснинг маҳорати юксалишига ҳам, оиласи учун ҳам маъқул иш бўлади. Буни ўз тажрибамдан айтаман.
Қизим Наргиза туғилганида, янги оиламиз, рўзғорни бутлаш керак, ишламасам бўлмасди. Шунингдек, ўша пайтда мактабда математика ўқитувчиси ҳам кам эди. Шунда ён қўшним Сўнажон исмли туркман аёлига ёрилдим. Сиз нафақт оилангиз, балки қишлоқ болаларининг келажаги учун ҳам ишлашингиз керак. Қизингизни мен боқиб тураман. Боласи илмли оиланинг, Ватаннинг бағри бутун бўлади. Ўзим олий маълумот ола билмаганим учун ўқимишли кишиларни жуда қадрлайман, дея жонимга аро кирди. Икки ойлик чақалоқни боқа бошлади. Мен мактабдан уйга боргунимча қизимни боқиш билан бирга кийимларини ювар ва тушликка овқат ҳам пишириб қўяр эди. Шунингдек, гўдакни эмизишга мактабга ҳам олиб келарди. Сўнажоннинг турмуш ўртоғи Йўлдош ҳам туркман миллатига мансуб бўлиб, ўша пайтда савхозда тракторчи бўлиб ишларди. Сўнанинг ўзи эса уй бекаси эди. Улар пок дилли, нияти холис кишилар эди.
Ҳамиша кечқурунги овқатни пишириб, уларни уйга чорлардим. Бегоналар битта оиладек аҳил бўлиб кетдик. Сўнажоннинг фарзанди бўлмади, улар қариндошларидан бир қиз ва бир ўғил олиб, уларни ўз фарзандидек тарбиялашди. Ўғлини уйлантиришди. Келини ҳам туркман қизи. Ҳозир уч нафар набираси бор. Қизини ўзбек йигитига турмушга чиқарди.
Синглим, қадрдоним Сўнажонни эслашимдан мақсад у яқинда оламдан ўтди. Наврўзи айёмда мактабимизда сумалак сайли бўлди, нафақада бўлсамда шогирдларим ҳурматлаб ҳамиша тадбирларга чорлашади. Йўқлаб туришади. Педогоглик касбини танлаганимдан, бегона қишлоққа келиб обрў-эътибор топганимдан хурсанд бўламан.
Наврўзи айём байрамидан кейин Сўнажоннинг қабрини зиёрат қилар эканман, инсонлар бир-бирини тушуниши, қадрлаши учун миллатнинг, қориндош-уруғчиликнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ эканини яна бир бор англадим. Асосийси, руҳият, қалб яқинлиги бўлиши керак экан. Ушбу инсон мен учун синглимдек эди, синглимдек бўлиб қолади, охирати обод бўлсин. Ётган жойи нурга тўлсин.
Яна ёш мутахассисларга маслаҳатим шуки, узоқ қишлоққа бориб ишласангиз тажриба ортади, одамийликни ўрганасиз. Зеро, қишлоқ одамлари оддийлиги, самимийлиги билан ажралиб туради, дегим келади.
Дилфуза ОМОНБОЕВА, ўқитувчи