— Коронавируснинг “африканча” штамми унинг олдинги турларидан нимаси билан фарқ қилади?
— “Африканча” штаммнинг алоҳида белгиси бошқа мутацион штаммларга нисбатан оғирроқ кечувидадир. Коронавирус инфекцияси организмга тушганида гуморал иммунитет бирламчи ишни бошлайди, бу штамм мазкур жараёнга ўта чидамли бўлиб, гуморал иммунитет ҳужайралари бу штаммни енгишга қийналади, натижада вируснинг организмни жароҳатлаш имконияти кенгаяди.
Мазкур штаммни юқтирган одамларда касаллик бирданига бошланиб, жадал кечади ва қисқа муддатда ўпкани катта қисмини жароҳатлаши мумкин. Шу боисдан ҳам касаллик бошқа штаммларга нисбатан оғирроқ кечади.
Ҳозирда “африканча” штамм энг ҳавфли деб тан олинган. Бу штамм билан касалланганларда коронавирус инфекцияси оғир ва ўта оғир даражада ўтади. Лекин бу штамм бирламчи коронавирусга ва британча штаммга нисбатан секин тарқалувчандир.
— Бир турдаги вакцинани олган бемор кейинги босқичларда бошқа вакцинани олиши мумкинми?
— Йўқ, мумкин эмас, коронавирус инфекциясига қарши эмланаётганлар қайси вакцинада эмланишни бошлаган бўлсалар, шу вакцина билан барча босқичларида эмланишлари керак.
Вакциналарни эмлаш тартиби (яъни 2 ёки 3 марта), улар ҳар бир вакцинада турличадир, бу тартибнинг сақланиши айнан шу вакцина ёрдамида организмда энг юқори даражада антитаначалар ҳосил қилиш имкониятини беради.
Бирор вакцинани ола бошлаб, кейин иккинчи вакцина билан эмланса, бирламчи олинган вакцина тўлиқ олинмаган бўлиб, у самарасиз эмлаш деб баҳоланилади.
Севара Убайдуллаева, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси