Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10-11 июнь кунлари расмий ташриф билан Тожикистон Республикасида бўлди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Душанбе шаҳридаги “Қасри Миллат” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Тарихий яқинлигимиз бугун ҳаётга кўчмоқда. Президентимиз таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки мамлакат муносабатлари юксак даражага кўтарилганини таъкидлади.
– Қабул қилган барча қарорларимиз амалга ошмоқда. Ўтган даврда икки томонлама муносабатларда кўп нарса ўзгарди. Буни рақамлар ҳам айтиб турибди. 2017 йилда товар айирбошлаш 70 миллион доллар бўлган бўлса, 2020 йилда, мураккаб пандемия йилида ушбу кўрсаткич илк бор 500 миллион долларга етди. Биз ушбу ташрифга жуда жиддий тайёргарлик кўрдик. Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган аниқ лойиҳа ва шартномалар имзоланди. Маданий-гуманитар алоқалар ҳақида айтсак, биринчи бор Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари муваффақиятли ўтди, яқин орада мамлакатларимиз ёшлари Фарғона водийсида учрашади. Бир сўз билан айтганда, тарихий яқинлигимиз бугун ҳаётга кўчмоқда, — деди Шавкат Мирзиёев.
Тожикистон Президенти давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, ушбу ташрифнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди.
– Ўзбекистон бизнинг стратегик шеригимиз ва ишончли қўшнимиз. Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари бугун жадал ривожланаётганидан мамнунмиз. Савдо-иқтисодий алоқалар кенгаймоқда. Маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро муносабатлар мустаҳкамланмоқда. Мамлакатларимиз минтақавий хавфсизлик борасида ўзаро мувофиқлашиб, яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётганини алоҳида қайд этмоқчиман. Бугун сиз билан муносабатларимизнинг ҳолати ва истиқболларини ҳамда халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилишга тайёрман, – деб таъкидлади Эмомали Раҳмон.
Қўшма корхоналар сони 8 баробар кўпайиб, бугунги кунда 200 дан ошгани таъкидланди. Жумладан, Душанбе шаҳрида маиший техникалар ишлаб чиқарувчи “Артель Авесто Электроникс” қўшма корхонаси самарали иш юритмоқда. Ташриф арафасида 30 дан ортиқ шундай лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Реал мисоллар ва истиқболга мўлжалланган аниқ режалар. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.
Томонлар стратегик шерикликни кенгайтиришда қатъий экани ва бу борада аниқ чораларни кўришга тайёрлигини таъкидладилар.
— Муваффақиятли ҳамкорликнинг реал мисоллари ва истиқболга мўлжалланган аниқ режаларимиз бор. Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистон автомобилларини йиғишни ташкил этиш, замонавий трансформаторлар ва қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқариш, маиший техника ва қурилиш материаллари, калава ип ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мамлакатларимиздаги бошқа қўшма лойиҳаларни тилга олиш лозим, — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шаҳарлар ўртасидаги ҳаво қатновларини кенгайтириш ва автобус қатновларини тиклашни таклиф этди.
Шавкат Мирзиёев икки мамлакат вилоятлари ва туманлари кесимида тўғридан-тўғри тизимли мулоқотни йўлга қўйиш муҳим эканини ҳам таъкидлади.
Икки мамлакатнинг улкан гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва сувдан фойдаланиш масалалари бўйича конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Етакчилар анъанавий фаол гуманитар алмашинувларни давом эттиришга келишиб олдилар. Давлатимиз раҳбари дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган қўшма маданий тадбирлар дастурини амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат ёшлари фестивалини ташкил этиш, Душанбе ва Тошкентда замонавий ўзбек ва тожик адабиётининг танланган асарлари — антологияларини нашр этишни таклиф этди.
Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистон бўйича тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, уни минтақавий иқтисодий шерикликка фаол жалб этиш тарафдори экани таъкидланди.
Томонлар БМТ, МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорликни давом эттириш ва бир бирини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини тасдиқладилар.
Самарқанд ва Хатлон вилоятларида барпо этилган ижтимоий объектларнинг расман очилиш маросими. Кенгайтирилган таркибдаги музокаралар якунлангач, Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Хатлон вилоятида барпо этилган ижтимоий объектларнинг расман очилиш маросими бўлиб ўтди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон рамзий тугмани босиб, уларнинг фаолиятига старт бердилар.
Мажмуа таркибидаги поликлиника бир сменада 300 нафар ва бир йилда 219 минг нафардан зиёд беморга хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Тожикистон томонидан Самарқанд вилоятининг Ургут туманида умумтаълим мактаби барпо этилган. У 640 нафар ўқувчига мўлжалланган.
Президент Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳридаги “Дўстий” майдонида Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Шавкат Мирзиёев Тожикистоннинг юксак мукофоти — I даражали «Зарринтож» ордени билан мукофотланди. Сўнг “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтди.
Тадбирда Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Тожикистоннинг юксак мукофоти — I даражали «Зарринтож» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармони ўқиб эшиттирилди. Орденни давлатимиз раҳбарига Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга расмий ташрифи доирасида 11 июнь куни Душанбедан Хўжандга келди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан биргаликда Хўжанд шаҳри яқинидаги “Арбоб” маданият саройига ташриф буюрди. Бу ерда Сўғд вилояти жамоатчилиги вакиллари, зиёлилар, нуронийлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Муносабатлар ташаббускори ва архитектори. Тожикистон пешвоси Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан икки мамлакат ўртасида ишонч ва дўстлик муҳити яратилганини таъкидлади.
— Илгари тўпланиб қолган муаммолар шундай қисқа муддатда ҳал этилишини тасаввур қилиб бўлармиди?! Бунга халқаро ташкилотлар ҳам ишонмаган эди. Бугун давлатларимиз ўртасида ҳал бўлмаган масала қолмади, ўзаро ишонч пайдо бўлди. Бундай муносабатларнинг ташаббускори ва архитектори ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев, — деди Эмомали Раҳмон.
Кейинги йилларда давлат чегараларида 17 та ўтказиш пункти очилгани, Тожикистон халқи бундан миннатдор экани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари йиғилганларга чуқур ҳурматини билдириб, халқларимиз ўртасидаги дўстликни қадрлаш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳақида нутқ сўзлади.
Ўзбекистон Президенти ташрифининг муҳим қисми Хўжанд шаҳрида ўтаётгани бежиз эмас. Бу қадимий шаҳар ўзбек ва тожик халқлари учун бирдек қадрли. У асрлар давомида Буюк Ипак йўлидаги марказлардан бири бўлиб, минтақамиз маданий ҳаётида муҳим ўрин тутган.
Душманга қарши елкама-елка курашган буюк саркардалар –хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди ва Хўжанднинг шонли фарзанди Темур Малик жасорати халқларимиз хотирасида муҳрланиб қолган. Кейинчалик темурийлар, шайбонийлар ва хонликлар даврида ҳам Хўжанд муҳим қўрғон бўлган, ривожланган.
Бугунги кунда Хўжанд шаҳрида Ўзбек маънавияти ва маърифати маркази, маҳаллий университетда ўзбек филологияси бўйича мутахассислар тайёрлайдиган илмий мактаб фаолият юритмоқда.
Ўзбекистонда, барча миллат ва элатлар қатори, тожик маданиятини сақлаш ва ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда бир миллион олти юз минг нафар тожик миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилмоқда, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар орасида таниқли олимлар, тадбиркор ва фермерлар, ўқитувчи ва шифокорлар, турли даражадаги раҳбарлар бор.
Мамлакатимизда 15 та тожик миллий маданият маркази миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Тожик тилида газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда. 255 та мактабда таълим тожик тилида олиб борилаётир. Бир қатор олий ўқув юртларида шундай факультетлар ва бўлинмалар фаолият юритмоқда. Жорий йилда ушбу йўналишларга қабул ўринлари икки баробар ортади.
Мамлакатимизда кейинги йилларнинг ўзида тожик миллатига мансуб 130 фуқаро юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди.
Президентлар «Арбоб» маданият саройини кўздан кечирдилар. Ушбу мажмуа 1959 йилда барпо этилган. У тожик халқи учун тарихий аҳамиятга эга. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида бу ерда мамлакат мустақиллигига доир муҳим қарорлар қабул қилинган. Бу ерда 1992 йилда – Тожикистон тақдирида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган паллада Эмомали Раҳмон давлат раҳбари лавозимига киришган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳамроҳлигида “Қайроққум гиламлари” корхонасини бориб кўрди.
Бу фабрика 1957 йилда ишга тушурилган. 2019 йилда модернизация қилиниб, Германия, Италия, Япония, Хитой ва бошқа давлатлардан олиб келинган ускуналар ўрнатилган. Корхонада бир йилда 3 миллион квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
Тожикистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўздан кечирилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Сўғд вилояти Ғафуров туманидаги “Вахдати миллат” боғига ташриф буюрди.
Сўғд вилояти Сирдарё бўйида жойлашган бўлиб, деҳқончилик учун жуда қулай. Бу ерда мева-сабзавотчилик ривожланган. Тожикистонда етиштириладиган жами қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб 43 фоизи Сўғд вилояти ҳиссасига тўғри келади.
“Вахдати миллат” боғи 2008 йилда ташкил этилган. Унинг майдони 700 гектар бўлиб, шундан 500 гектарида мевали дарахтлар ўтқазилган. Боғ ҳудудида қарийб 300 тонна сиғимли совутиш омбори ҳам бор. 2018 йилдан бошлаб бу ерда балиқ етиштириш йўлга қўйилган. Бугунги кунда тўртта ҳавзада оқ амур, хумбош ва сазан каби балиқ турлари етиштирилмоқда.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳамкорлик ривожланмоқда. Олий даражадаги учрашувлар чоғида бу борада кўплаб шартномалар имзоланган. Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи чоғида ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди.
Президентлар боғда ташкил этилган Тожикистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Мева-сабзавотларни ўзаро етказиб бериш, сақлаш ва экспорт қилиш бўйича соҳа мутасаддиларига кўрсатмалар берилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи якунланди. Хўжанд халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон кузатди.