Сўнгги кунларда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётганлигини инобатга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таклифига биноан, бугунги кунга қадар Республика махсус комиссиясининг қарорлари билан жорий этилган тартиб ва чекловларга мазкур йилнинг 28 июнидан қўшимчалар киритилди:
Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан 12 июлига қадар автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди;
хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламлари билан биргаликда Тошкент шаҳри аҳолисининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатламини ўзлари бириктирилган оилавий поликлиникаларда коронавирус инфекциясига қарши Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иҳтиёрий тарзда оммавий эмланиши белгиланди;
жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00 дан 20:00 гача рухсат берилади;
кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасаларнинг умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.
ССВ: ТОШКЕНТ ШАҲРИГА КИРИШГА ЧЕКЛОВЛАР ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАРГА ТАТБИҚ ЭТИЛМАСЛИГИ БЕЛГИЛАНДИ
Жорий йилнинг 28 июнидан
12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди. Ушбу чеклов қуйидаги ҳолатларга татбиқ этилмаслиги белгиланди:
Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга;
Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) чет эл фуқароларига;
даволаниш учун ташриф буюраётган шахсларга;
Тошкент шаҳрида доимий фаолият кўрсатувчи ҳудудлардан келувчи шахсларга (иш жойи тўғрисида тасдиқловчи ҳужжат бўлган тақдирда);
Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижий мамлакатга учиб кетувчи шахсларга (авиачипта бўлган тақдирда);
Ўзбекистон Республикасига турист бўлиб келган чет эл фуқароларига ва уларни олиб келаётган автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳамда агар гуруҳли жамоа бўлса, таржимон ёки туристик фирма вакилига;
барча турдаги юк ташиш, шунингдек, қурилиш материаллари (қум, шағал ва бошқалар) билан боғлиқ ҳолларга, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳар қандай автотранспорт воситаларида ҳамда “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг почта жўнатмаларини ташиш билан боғлиқ ҳолларга;
соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларига.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг кейинги тўлқини юзага келишини олдини олиш мақсадида аҳолидан белгиланган санитария-эпидемиологик талабларга риоя этишлари ва вакцинация тадбирларида фаол қатнашишларини сўраб қолади.
ССВ: ТОШКЕНТ ШАҲРИ “ҚИЗИЛ” ТОИФАДАГИ ҲУДУД ДЕБ БЕЛГИЛАНДИ
Коронавирус инфекцияси тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг соғайиш динамикаси ҳолатидан келиб чиқиб, ҳудудларни “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратиш тартибига мувофиқ:
“Қизил” тоифадаги ҳудудга – Тошкент шаҳри; “Сариқ” тоифадаги ҳудудларга – Самарқанд ва Тошкент вилоятлари кириши белгиланди.
Ҳудудларни тоифаларга ажратиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати масъул ҳисобланади ва ушбу хизмат эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, тартиб асосида ўзгариш бўлган ҳудудлар тўғрисидаги маълумотларларни доимий равишда кенг жамоатчиликка эълон қилиб боради.
CCВ: ИБОДАТ АМАЛЛАРИНИ ОЧИҚ ҲАВОДА ТАШКИЛ ЭТИШ ТАВСИЯ ҚИЛИНДИ
Юртимиздаги мавжуд эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, масъул идораларнинг таклифлари инобатга олинган ҳолда Республика махсус комиссияси томонидан:
кунлик ва жума намозларини фақат масжиднинг очиқ ҳаводаги майдонлари(очиқ айвонлар, масжид ҳовлиси, масжидга туташ ички кўчалар)да тиббий ниқобда ва оралиқ масофани сақлаган ҳолда ташкил этилиши;
65 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқаролар ҳамда сурункали касаллиги мавжуд шахсларга улар томонидан диний тадбирларни имкон қадар уй шароитида амалга ошириш;
Республикада фаолият юритаётган бошқа диний конфессияларга мансуб диний ташкилотларда ҳам жамоавий ибодатларни юқоридаги тартиблар асосида амалга ошириш тавсия этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.