Мамлакатимизнинг олис қишлоғида устоз номига сазовор бўлган ёш муаллима

1
381
марта кўрилган.

Атиги икки йиллик педогогик стажга эга ёшгина муаллима яқинда «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонини олиб, устоз деган улуғвор номга сазовор бўлди. Албатта, бу бежиз эмас. Муаллиманинг талабалик давридан бошлаб  тинимсиз изланишлари ва эришаёган ютуқлари ўзлигини намоён этишга  ёрдам берди.

Эндигина 26 баҳорни қаршилаган бўлсада, қирқдан зиёд илмий рисолалари ва китоблари чоп қилинган. Қисқа муддат ичида халқаро ташкилотлар томонидан ўтказилган семинар ва танловларда ғолибликни қўлга киритганлиги яна бир омадидир, Унинг илмий изланишлари халқаро миқёсда тан олиниб, китоблари Россия, Туркия, Америка давлатларида босилиб чиққани ва  “Йилнинг энг яхши ёш олими-2021” халқаро танлови ғолиблиги унинг захматкашлигидан дарак беради.

АЖДОДЛАРНИНГ МУНОСИБ ВОРИСИ. Ҳа, Ўзбекистоннинг энг чекка қишлоғи– бир ёғи Туркманистон, бир ёғи Қорақалпоғистон билан чегарадош Гурлан тумани Гулистон қишлоғидаги 33-умумий ўрта таълим мактабининг немис ва инглиз тили ўқитувчиси Ўғулнур Атаева ўзининг илмга чанқоқлиги, заковати билан аждодлар руҳини шод этиб келяпти, десак адашмаймиз.

Яқинда Ўғулнур Атаева Қозоғиcтон Республикасининг Нурсултон шаҳрида МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган «Йилнинг энг яхши ёш олими — 2021» Халқаро танловида 14 та мамлакат ичида чет тиллар йўналишида биринчи ўринга лойиқ кўрилиб, олтин медаль билан тақдирланди. Шунингдек, Миср давлатида 2-4 июнь кунлари бўлиб ўтадиган адабий анжуманга йўлланмани қўлга киритди.

Бу унинг биринчи ютуғи эмас. Шу пайтга қадар ёш олима қиёсий тилшунослик йўналишида илмий изланишлар олиб бориб Халқаро “Уздик Ақин” медаль соҳибаси, Республика ва халқаро миқёсда ўтказилган турли илмий конференция, танлов ва мусобақаларда мунтазам иштирок этиб, совринли ўринларга сазовор бўлган.

Ўқитувчиларга, ёшларга  муносабат ўзгарган, эътибор кучайган кейинги тўрт йил унинг фаолиятини ҳам ижобий томонга кескин ўзгартириб юборди. Дастлаб, 2017 йил 6-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Deutschtage Samarkand-2017» халқаро семинарида иштирок этиб, фаол иштироки ва теран илмий мушоҳадаси учун Германиянинг ONDAF имтиҳонида Б1 тоифасидаги сертификат ва «Ttilnahmbestätigung» сертификатини қўлга киритишга муяссар бўлди. 2018 йил Украинада ўтказилган «ХХХIII Международной научно-практической интернет- конференции» тадбирида фаол қатнашиб сертификат билан такдирланди. Шунингдек, 2018 йил Германия мамлакатининг ДААД дастури бўйича ГРАНТ асосида Август ойида бир ойлик бепул таълим олиш имкониятини кўлга киритди ва 2018 йилнинг ДААД стипендианти бўлди.

2019 йил 17 январида Германиянинг Сиеген Университетининг эътирофига сазовор бўлиб, олий ўқув юртининг Ўзбекистондаги вакили қилиб тайинланди.

Бундай рўйхатни яна давом қилдириш мумкин. Қисқа қилиб айтсак, ёш муаллима Атаева кейинги йилларда кўплаб хориж давлатлари томонидан ташкил қилинган йигирмага яқин семинар ва тадбирларда қатнашиб ғолибликни қўлга кирита олган.

ИЛМ БИЛАН ҲАМНАФАС УСТОЗ. Муаллима Атаева илмий раҳбари педагогика фанлари доктори, К.Аброрхонова билан биргаликда “Чет тилини ўқитишда педагогик методларни қўлланиши” мавзусида тадқиқот ишларини юритмоқда. Ушбу тадқиқот ишларининг ҳулосалари республика ва ҳалқаро илмий журналларда ва конференцияларда муҳокама қилиниб, ҳозирги кунга келиб 30 дан ортиқ илмий мақола ва тезисларни Ӽалқаро тўпламларда чоп эттиришга эришди.

Илмий ишлари Германиянинг Берлин шахрида бўлиб ўтган «Der XVI Internationalen wissenschaftlichen und praktischen Konferenz» илмий конференцияcи китобида, Американинг «MATERIALS OF THE INTERNATIONAL SCIENTIFICAND PRACTICAL CONFERENCE» номли тўпламида, Польшанинг «XVI MIḚDZYNARODOWEJ NAUKOWI-PRAKTYCZNEJ KONFERENCJI» номли илмий тўпламида ва Белгиянинг София шаӽрида «ХVI международна научна практична конференция » номли илмий тўпламларда чоп этилган.

2020 йил немис тилидаги “Deutsch für ALLE“ номли немис тилини мустақил ўрганувчилар учун қўлланма ва „ILM-MA’RIFAT-YORQIN KELAJAK MA’SHALI“ номли илмий-услубий педагоглар учун қўлланма китоблари Ӯзбекистон Республикаси Фанлар Aкадемияси “ ФАН” нашриёти томонидан 300 нусхада нашр қилинди.

– Ўқитувчи деганда, портфель кўтарган эркакни эмас, кўзойнак тақиб жиддий юрувчи аёлни эмас, балки онамни тасаввур қиламан. Бир ярим ёшимда отамдан ажралдим. Бева қолиб уч нафар фарзандни ўқитувчилик қилиб оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган муштипар онамни. Дунёнинг неки синовлари, неки қийинчиликлари бўлса барини бошидан ўтказиб, сабр бардош билан енгиб ўтган ўқитувчи онам менинг тасаввуримда буюк устоз сифатида муҳрланиб қолган. Ҳа, ҳаётимиз осон кечмади. Кўчада қолиб, тўрт томонга қараб турган кунларни ҳам онам билан бошдан кечирдик. Шунга қарамай бу қийинчиликларни матонат билан енгиб, тинимсиз меҳнат қилиб “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотланган онамнинг бу медалини ўша пайтда ўзимнинг кўксимга тақиб олиб ечмай юрганим ҳамон эсимда, – дейди у.

– Ҳаётимнинг асосий мазмуни эса севимли ўқувчиларимдир,-дея суҳбатни давом қилдирди Атаева. – Дарсга умуман қизиқмайдиган, бири шўх, бири ўйинқароқ болаларга нимадир ўргатиб, уларни тўғри йўлга солаётганимдан, меҳнатларим самарасиз кетмаётганидан ўзим ҳам завқланаман. Ўқитувчилик бу мен учун тақдир мукофоти бўлиш билан бирга ҳам мажбурият, ҳам масъулиятдир. Касбга бундай ёндашиш хислати менга онамдан ўтган.

Дарҳақиқат, ёш устознинг меҳнатлари бесамар кетмаяпти. 2020 йил Немис тили фан олимпиадасида 9-11-синф ўқувчилари Қорабаева Турсуной, Ӯттузова Роза  фахрли 1-ўринни эгаллади. Хоразм вилояти Халқ таьлим бошқармаси томонидан ўтказилган „Wettbewerb in Deutsch танловида эса ўқувчиси Қадамбаева Сабрина фахрли 1-ўринни эгаллади.

Дарҳақиқат, бир вақтлар довруғ таратган Маъмун Академияси буюк алломаларни етиштириб, бутун дунёга илм-маърифат зиёсини улашган заминда яна маърифат нурлари таралмоқда. Чекка-чекка қишлоқларда ҳам оддий устозлар, исми жисмига монанд хизмат қилаётганини ушбу қизнинг фаолиятида  яққол намоён бўлмоқда.

Мирзабек ЖАПАҚОВ, ҳуқуқшунос журналист, Хоразм

Ёйиш

1 мулоҳаза

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.