Оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати совриндори Муаттар Набиева – Токио-2020 Олимпия ўйинлари лицензиати.
Муаттар Абдуллажон қизи Набиева 1996 йил 2 июнь куни Андижон вилояти, Балиқчи туманида туғилган. Биринчи мураббийи Хомитқул Мадазимов. 2014 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси.
Набиева халқаро майдондаги илк муваффақиятига 2016 йил эришди. Тбилисида ўтган ёшлар ўртасидаги дунё биринчилигида ҳамюртимиз бронза медалига сазовор бўлди. 2017 йил “Ислом бирдамлиги ўйинлари”да бронза, Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида кумуш медаль соҳибасига айланди.
2018 йил Осиё чемпионатини бронза медали билан якунлади. 2019 йил катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида даст кўтариш машқи бўйича бронза медалини қўлга киритди. Қайд этиш жоиз, Набиева шу тариқа катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилган илк оғир атлетикачи қизимизга айланди.
Ҳамюртимиз жорий йил Тошкентда ўтган Осиё чемпионатини учинчи ўринда якунлади. Халқаро оғир атлетика федерацияси эълон қилган рейтинг бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олди.