Бугунги давр, бугунги кун Баҳодирларнинг куни! Бугунги ёшлар ҳақида қанча гапирсак шунча оз! Баходир билан онасининг ҳамда устозининг ТВдаги суҳбатини эшитиб, аввало ота-онасига рахмат келтираётгани билан фахрландим.
Ижтимоий тармоқларда ҳаёт йўли акс этган видеоларни кўриб, беихтиёр этим жимирлаб, қалбим фахрга тўлди. Олимпиада майдонида Ўзбекистон байроғини баланд ҳилпиратиб йиғлаганларида-чи? Мени ҳам кўзимдан ёшлар тўкилди. Ҳа, бу ғалаба осон кечмаганини юрак-юракдан ҳис қилдим. Менга-ки, шунчалар таъсир қилди, онасининг кўнглидан нималар кечаётган экан, деган фикрлар ўтди хаёлимдан.
ТВда Баҳодирнинг отаси ҳақида чемпионнинг устози жуда ҳам ҳурмат-эътибор билан гапирди. Уларнинг сўзидан «Исомиддин аканинг ўзи ҳам полвон бўлган, самбо бўйича спорт устаси эди. Ёлғиз ўғли Баҳодирни болалигидан спортга олиб борди, у чемпион бўлиши учун борини берди», деган фикрларни англадик. «Бола онанинг тунларни бедор ўтказиб, берган оқ сути ва отанинг одоби илми билан улғаяди», -деган алломаларнинг сўзлари келади беихтиёр хаёлингизга.
Хушнудбек. уз канали шундай ёзади: Исомиддин ака 2015 йили оғир дардга чалинди, бош мия ўсмасининг энг оғир тури деб ташхис қўйишди. 2016 йил Баҳодир Хитойда 3 ой тайёрланиб, Осиё чемпионатида Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди. Чемпионатда қўли жароҳат олгани сабаб операция қилинди. Aйнан ўша кун, тақдири азал ҳам ўз ҳукмини ўтказиб, Исомиддин полвон омонатини Ҳаққа топширди. Шифокорлар рухсат бермаса ҳам, Баҳодир ўша заҳоти отасини сўнгги манзилга кузатиш учун Ўзбекистонга қайтди. Ўша йили оғир руҳий тушкинлик билан Рио Олимпиадасида қатнашган Баҳодир ғолиб бўлолмаганди. Сўнгра Баҳодир 2019 йил жаҳон чемпиони, бугун Олимпиада чемпиони бўлди. Афсуски, Исомиддин ака бу кунларни кўра олмади»
Дарҳақиқат, барча журналист-у блогерлар чемпионга ва унинг оиласига иззат-ҳурматини билдирмоқда.
Ўғлининг бугунги ғалабасидан шодланган барча инсонлар Баҳодирнинг отаси раҳматли Исомиддин аканинг ҳам руҳлари шод бўлишидан умидвор бўлиб, ҳақларига дуо қилмоқда. Яхши ўғил на фақат ота-онасига, оиласига, эл-юртга раҳмат келтиради дегани шуда! Дарҳақиқат, қобил фарзанд ота-онаси тириклигида ҳам, вафотидан кейин ҳам раҳматлар олиб келаверади. Барчамизнинг фарзандларимиз шундай бўлсин, илоҳим.
Отангга раҳмат, Баҳодир! Онангга раҳмат, Баҳодир! Жаҳон майдонида жавлон уришга имкониятлар, имтиёзлар яратган юртингга раҳмат Баҳодир!
Ўзлигини топиш билан Ўзбекистонни яна бир бора дунёга танитган Баҳодирлар, Оксаналар, оғир атлетикачи Акварлар, таэквондочи Улуғбеклар, эркин курашчи Беҳзодлар, дзюдочи Давлатлар каби юртим дея юраги урган ҳар бир инсон омон бўлсин! Нега ҳар бирини кўпликда келтирдик. Чунки улар ёлғиз эмас.
Олимпия ўйинларига спортнинг 17 турида спортчиларимиз 71 та йўлланмани қўлга киритдилар. Бу ўзбек спортчилари тарихида спорт турлари сони бўйича рекорд кўрсаткичдир.
Президентимизнинг хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратаётган эътиборлари билан Токио-2020 Олимпиадасида лицензия қўлга киритган аёл спортчиларимиз сони 30 тага етди. Бу Олимпиадаларда Мустақил Ўзбекистоннинг аёллар спортида қайд этаётган яна бир рекорди. Албатта, олимпиадачиларнинг барчаси медаллар олмади. Бироқ спортчиларимиз орасида ўз рекордини янгилаганлар, олимпиада рекордини янгилаганлар бўлди. Бу ҳам ютуқ!
Жумладан, енгил атлетиканинг босқон улоқтириш йўналиши бўйича Суҳроб Хўжаев 71.26 метр натижа қайд этиб, аввалги Олимпиададаги чиқишини янгилаб, ундан юқори кўрсаткичга эришди. Ўн саккиз ёшли саблячимиз Зайнаб Дайибекова Олимпиада қиличбозлигида кучли саккизталикдан ўрин олди, Албатта, дебютчи ёш спортчимиз учун бу жуда ажойиб натижа. Оғир атлетикачимиз Муаттар Набиева даст кўтариш машқида Олимпия рекордини янгилаб, мусобақани тўртинчи ўринда якунлади.
Буларнинг бари кейинги олимпиадада медаллар шодаси кўпайиши учун умид бор дегани. Медаль олишга бир поғона қолди дегани!
Янги Ўзбекистоннинг, янги ғалабалари қутлуғ бўлсин! Изи кўпаяверсин.
Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист!