Ватан мустақиллигининг 30 йиллиги арафасидаги шодиёналар: НОДИР ЖОНУЗОҚ – «ДЎСТЛИК» ОРДЕНИ СОҲИБИ

0
222
марта кўрилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ ҳам «Дўстлик» одрени билан тақдирланди. У ўзбек шеърияти гулшанига муносиб ҳисса қўшаётган исътедодли шоирларимиздан биридир.

Онага бўлган меҳр-муҳаббатни ифодаловчи қуйидаги Х а т  шеърида назм оламини ҳаётининг мазмуни ва она каби муқаддас  дея улуғлайди: Шеърият —  руҳимга азалий улфат, назм борки қорним ҳам, қалбим ҳам тўқдир! Онасини фариштам дея улуғлаши гўзал! Ушбу муқаддас сўзларни эшитиш фарзанд тарбиялаётган ҳар бир онага насиб айласин:

Сиздан нур ташийди юз минг фаришта
Менинг йўлларимни ёритмоқ учун.

Дарҳақиқат, ижодкорлар майдонидаги тинимсиз меҳнат, руҳият олами уни эзгуликлар сари йўллади.  Қутлуғ айёмда  GUJUM.UZ жамоаси шоирни давлатимизнинг юксак мукофот билан қутлайди. Янада улуғвор ижодий парвозлар тилаб қолади.

Х  А  Т

Ая,
Аяжоним,
Меҳрибон аям,
Айтинг, юрибсизми
Масрур, саломат?
Ўзингизни асранг,
Мен учун аянг:
Сиз борсиз — мени тарк айламас омад.

Меҳрингиз туяман ҳар бир қаричда,
Олисдан сезаман дуонгиз кучин.
Сиздан нур ташийди юз минг фаришта
Менинг йўлларимни ёритмоқ учун.

Ўйланманг,
Тетикман,
Ишим жойида —
Кўксимда орзулар ётибди чақнаб.
Зувалам пишганми ойнинг лойидан,
Гоҳида меҳрга қолсам-да чанқаб —

Оламга муҳаббат пуркагим келар,
Севгига ғарқ бўлсин дейман она ер.
Қалбимни парилар қўлма-қўл элар,
Тунлари ухлолмай ёзарканман шеър.

Тўғри, сиқиламан баъзан,
Нима наф,
Кимга керак, дейман, қуйма байтларим.
Шоирлик мен учун эди-ку шараф
Ёнингизда ўйнаб юрган пайтларим…

Сиздай силамади бошимни ҳаёт,
Қозонда қоврилдим, қайнадим, пишдим.
Ва бугун ўзимга қарасам, ҳайҳот,
Нигоҳим бегона одамга тушди!?

У менга ўзича беради танбеҳ,
Оғамдай турткилаб йўлига солар:
«Болангга ош бўлмас қофия, ташбеҳ,
Нима керак сенга қуруқ ғавғолар?!

Одамдай яшагин,
Яша шўх-хандон,
Ахир, йўқ эмас-ку сенда лаёқат.
Қадрингга етишмас куйсанг-да чандон,
Уй қур,
Машина ол,
Қилгин саёҳат…»

Унга жим боқаман,
Қилмасман таъна,
Уни тушунаман — ўзича ҳақдир.
Лекин нима қилай, аяжон, яна
Мени оловларга йўлласа тақдир?!

Нетай, яшолмасам хотиржам, сокин,
«Қўлингга қалам ол, — деса бир овоз, —
Ҳар бир сўзимизни ёзиб ол, ёки
Биз сендан бутунлай кечажакмиз воз!»

Ая, бу мен учун энг оғир кулфат,
Ая, менга бундан ортиқ ғам йўқдир.
У — менинг руҳимга азалий улфат,
У борки қорним ҳам, қалбим ҳам тўқдир.

Кўзимга кўринмас гоҳида дунё,
Унинг васли билан яшайман сармаст.
У келса — мў‘жиза бўлади бунёд,
У келса — ҳар қандай оғриқ писандмас.

Биламан,
Сиз учун сўзларим чигал,
Беҳуда ўйинга ўхшайди балки.
Гўёки кирволиб ғилоф ичига,
«Коинот — шу», дея этяпман талқин.

Бироқ маслагим шу,
Тетикман, ая,
қўлимдан тутгандай Хизрнинг ўзи.
Дамба-дам тўсиқлар, ғовлар чиқсаям,
Манзилга етамиз ёвлардан ўзиб.

Меҳрингиз туяман ҳар бир қаричда,
Олисдан сезаман дуонгиз кучин.
Сиздан нур ташийди юз минг фаришта
Менинг йўлларимни ёритмоқ учун.

Қалбимдай чечакка тўлганда қишлоқ,
Қонимдай гупирса лойқа ариқлар —
Мен кириб бораман тойчоқдай кишнаб,
Тўзғиб кетар барча алам, оғриқлар.

Унгача чиданг Сиз,
Чарчаманг, ая,
Масрур бўлинг доим,
Бўлинг саломат.
Ўзингизни асранг,
Мен учун аянг:
Сиз борсиз — мени тарк айламас омад…
2007 йил

Суратда: Нодир Жонузоқ рахматлик Азим Суюнни  Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси номидан юбилейи муносабати билан қутлаётган пайт ( сайт архивидан).

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.