Токио шаҳрида ўтказилган XVI Паралимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон делегацияси юртимизга қайтиб келди.
Унда иштирок этган спортчилар, мураббийлар ва делегация вакиллари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Шундан сўнг Токио-2020 Паралимпиадаси қаҳрамонлари махсус автобусларда шаҳримизнинг марказий кўчалари бўйлаб Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнаси арафасида қурилган “Янги Ўзбекистон” боғига етиб боришди. Тантанали маросимнинг асосий қисми ушбу боғда ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов иштирок этиб, Паралимпиячиларимизни қўлга киритилган улкан муваффақият билан табриклашди. Шундан сўнг Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саид ўз шеъри билан Паралимпиячиларимизни қутлаган бўлса, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева ҳам ўзларининг илиқ тилакларини билдириб ўтишди.
Маросимда спортчиларимиз номидан Паралимпиада чемпионлари пара-таэквондочи Гулжаной Наимова, пара-дзюдочимиз Учқун Қуронбоев сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан берилаётган эътибордан мамнун эканликларини, давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлашидан мотивация олишларини айтиб ўтишди.
Шундан сўнг Токио-2020 Паралимпия ўйинлари ғолибларига Президент совғалари – олтин медаль эгаларига “Tahoe” автомобили ва Тошкент шаҳридан 3 хонали уй, кумуш медаль эгасига “Traverse” автомобили ва 2 хонали уй, шунингдек бронза медаль эгаларига “Trailblazer” автомобили ва 1 хонали уй калитлари топширилди. Якунда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг қўшиғи ва мушакбозлик билан тантанавор тадбирга чиройли якун ясалди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Матбуот хизмати