Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 16-18 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Жанубий Кореяда бўлади, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ташриф дастурига мувофиқ, Сеул шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашув ва музокараларда Ўзбекистон-Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш йўллари кўриб чиқилади.
Энг аввало, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, инновациялар ва юқори технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик бўйича дастур ва лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, Президентимиз Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси раҳбарияти, ушбу мамлакатнинг энг йирик компания ва банк-молия институтлари вакиллари билан учрашади.
Ташриф якунида салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши кўзда тутилган.