Ота дуоси

0
799
марта кўрилган.

Уйда ота-бола суҳбатлашиб ўтирар эди, тўсатдан кимдир эшикни зарда билан тақиллатибди. Ўғил эшикни очибди. Ғазабнок бир киши турган экан. У ичкарига кириб на салом бермай, на алик олмай чолга қараб бақира кетибди:

 – Аллоҳдан қўрқинг! Қарзларингизни қайтаринг. Узоқ йиллар кутдим. Сабр косам тўлди. Пулларимни беринг!  – дебди…
Отасининг бундай ноқулай аҳволга тушиб қолганидан ўғил хафа бўлибди, кўзларидан ёшлари қуйилибди. Сўнг келган кишидан:  – Отамнинг сиздан қанча қарзлари бор?  –дея сўрабди. Киши: – Тўқсон мингдан ошиқ. Ўғил:  –  Отамни ўз ҳолларига қўйинг, пулингизни мен бераман.  –дебди-да хонасига кириб кетибди.

Ойликларидан тежаб йиғаётган йигирма етти минги бор эди. У бу пулларни, ўзи сабрсизлик билан кутаётган тўйига йиғаётган экан. Лекин, отасининг ғамини аритишни устун деб билибди. Пулларни олиб чиқибди ва:
– Мана, олинг. Худо хоҳласа қолганини ҳам тез орада тўлаймиз,  – дебди.
Бечора ота йиғлаб юборибди ва қарзини сўраб келган кишидан, пулларни ўғлига қайтаришини сўрабди. Бу пуллар ўғлига жуда зарурлигини, унинг ҳеч қандай айби йўқлигини айтиб ёлворибди. Пулларни олган киши чолнинг гапларини эшитмай хонадан тезда чиқиб кетибди. Ўғил кетидан чиқибди ва пулларни ўзида олиб қолишини, отасига бошқа қарз масаласида мурожаат қилмаслигини, ўзига айтишини илтимос қилибди.
Сўнг отасининг ёнига келиб, унинг пешонасидан ўпиб:  –  Отажон! Бу пуллар сиздан азиз эмас! Қолган ишлар вақт-соати билан бўлади, – дебди.
Қари ота ўғлини қучоқлаб, ўпиб қўйибди:  – Аллоҳ сендан рози бўлсин ўғлим! Ишларингни ўнгласин! Хатоларингни кечирсин! Бирингни мингга айлантириб, қут-барака берсин. Уйингни  нурга, буғдойга тўлдирсин! 

….Эртаси куни йигит терга ботиб ишлар экан, анчадан бери кўришмаган дўстлари йўқлаб келишибди. Салом аликдан сўнг уларнинг бири:  – Дўстим, кеча бой-бадавлат, катта тадбиркорлардан бўлган бир танишим билан суҳбатлашган эдим. У мендан ишончли, омонатдор, хулқ-атвори гўзал, холис ва ишини уддасидан чиқадиган қатъиятли одам топиб беришимни сўради. Мен сендан бошқа бундай сифатларга эга инсонни танимайман. Нима дейсан шу ишга киришасанми? Кел ҳозироқ ишдан бўшагин-да, кечки томон ўша тадбиркор билан учрашамиз.

….Йигитнинг кўзлари қувончдан порлаб кетибди:  – Бу отамнинг дуоси! Аллоҳга ҳамд бўлсин, ижобат қилди. –дебди.

….Кечқурун катта тадбиркор билан учрашув бўлибди. Йигит маъқул келибди. Ундан қанча ойлик олишини сўрабди. Йигит:  – Ойлигим 4970 -дебди.
Тадбиркор:  – Эртага эрталаб бориб, ишдан бўшаб кел. Бугундан эътиборан ойлигинг 15 000. Қўшимчасига даромаднинг 10% и сеники бўлади. Шинам уй-жой, замонавий машина ва олти ойлик маошингни сенга инъом қиламан. Уст-бошингни тўғирлаб оласан.

….Йигит қулоқларига ишонмабди. Ўзини тутиб туролмай йиғлаб юборибди. Тадбиркор ундан йиғлашининг сабабини сўрабди. Йигит икки кун аввал бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берибди. Йигитнинг гапларини эшитган тадбиркор қолган қарзларини ҳам қоплабди.

Дилдора МАВЛЯНОВА тайёрлади. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.