Хитой пойтахтида ўтказилаётган қишки Олимпия ўйинлари қизғин паллага кирди. Бугун тўртта дастурда Олимпия чемпионлари аниқланади.
Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларининг кеча 13 февраль кунги дастурида қўлга киритилган олтин медаль АҚШни кучли учликка олиб чиқди. Германия эса етакчиликни бой берди.
Натижада, умумжамоа ҳисобида пешқадам ўзгарди. Бир неча кун якунида немисларнинг етакчиликни илиб кетиш “анъанаси” ортда қолди. Биатлонда қўлга киритилган медаллар Норвегияни яна биринчи поғонага олиб чиқди. Кучли ўнлик эса қуйидагича кўриниш олди:
Олтин – кумуш – бронза – жами:
- Норвегия – 9-5-7 (21)
- Германия – 8-5-1 (14)
- АҚШ – 6-5-1 (12)
- Нидерландия – 6-4-2 (12)
- Швеция – 5-3-3 (11)
- Австрия – 4-6-4 (14)
- РОҚ – 4-5-8 (16)
- Хитой – 4-3-2 (9)
- Швейцария – 3-0-5 (8)
- Франция – 2-6-2 (10)
Кечаги кунда юртдошимиз Комилжон Тўхтаев ҳам гигант слалом дастуридаги иштирокини якунлади. Биринчи стартдан сўнг 35-натижани қайд этган вакилимиз 29-поғонани банд этиб, кучли ўттизликдан ўрин олди. Шунингдек, спортчимиз Осиё вакиллари орасида энг яхши натижага эришди.
Бу борада ғолиблик швейцариялик Марко Одерматтга насиб этди. Словения шарафини ҳимоя қилган Жан Кранетс иккинчи ўринда бўлди, Франция вакили Матё Февр кучли учликка якун ясади.
Комилжон Тўхтаев энди 16 февраль кунги слалом дастурида ўз омадини синаб кўради
Ж. САЪДУЛЛАЕВ тайёрлади.