Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мамлакатимиз хотин-қизларига берилган имкониятларга ва уларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор берилди.
Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастурини қабул қилиш тилга олинди. Ушбу ҳужжат доирасида пойтахтда хотин-қизлар учун алоҳида университет ва жойларда унинг техникумларини ташкил этилиши таъкидланди. Барча талаба қизларга таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш тартиби жорий қилинадиган бўлди.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пулларини тўлиқ бюджетдан қоплаб бериш учун ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилади ва докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.
“Олима аёллар жамияти” тузилади ва жамиятига ҳар йили 50 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Бош вазир ўринбосари лавозими қайта тикланди ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди.
Республикадаги 9,5 мингга яқин маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосарлари ҳам қўмита тизимига ўтказилди.
Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасида ишлаётган хотин-қизлар сонини янада кўпайтириш мақсадида “Бизнесчи аёллар” дастури қабул қилиниб, унинг доирасида 8 триллион сўм маблағ йўналтирилиши таъкидлан- ди. Шунингдек, жорий йилда ипотека кредитлари бўйича бериладиган субсидияларнинг 40 фоизи хотин-қизлар учун ажратилади. Бу муҳтож аёлларни 12 мингта қулай уй-жой билан таъминлаш имкониятини беради.
Тарихимизда илгари бўлмаган бундай кенг кўламли ишлар ижроси учун 15 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.
“Оқила аёллар” ҳаракати ташкил этилиб, бу эзгу ҳаракат том маънода жамиятимиз овозига, маҳалла виждонига айлантирилиши таъкидланди.
Бугунгача Ўзбекистонда аёллар учун белгиланган имтиёзлар танишиб чиқинг:
Хотин-қизларга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун 33 миллион сўмгача кредитлар ажратилади
Аёлларни пенсия ёшига тўлганлиги сабабли иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш тақиқланади.
Айрим тоифадаги хотин-қизларга ОТМга кириш учун тавсиянома берилади.
«Аёллар дафтари»га киритилганларга 40 млн 500 минг сўмгача кредит берилиши мумкин.
Ишлайдиган оналарга болани овқатлантиришга танаффус берилади.
Хотин-қизларнинг касб ўрганишга қилган харажатларини давлат тўлаб беради.
“Аёллар дафтари”га киритилган ёлғиз аёлларнинг фарзандлари ҳам боғчага имтиёзли рўйхат асосида қабул қилинади.
Оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар берилади.
Фаол ва ташаббускор хотин-қизлар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланади.
Ўн икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга қўшимча таътил берилади.
Айрим хотин-қизларнинг контракт пули давлат томонидан тўлаб берилади.
Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёллар енгилроқ ишга ўтказилади.
Ҳомиладор аёллар ҳамда 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга қабул қилишда дастлабки синов қўлланилмайди.
Раҳбарлик лавозимига танловда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг иштироки таъминланади.
Айрим аёллар 53 ёшда пенсияга чиқиши мумкин.
Р. САПОЕВА тайёрлади.