Сабзавот ва мевалар шарбатларининг шифобахш хусусиятлари

0
1454
марта кўрилган.

Мева шарбатлари катта-ю кичикка кони фойда. Сабзавот-у меваларнинг шарбатларини гўдак ҳаётининг биринчи йилида ҳам оз-оздан мунтазам бериб туриш организмни витаминлар билан таъминлайди.

Ўрик шарбати – қон ҳосил бўлишини фаол рағбатлантиради, ўт ҳайдовчи, иссиқни туширувчи, ични юмшатувчи хусусиятларга эга. Кўриш қобилияти, юрак-қон томирлар тизими ва меъда-ичак йўли фаолиятини яхшилайди.

Олча шарбати – камқонликда, ўпка, жигар касалликларида, ич қотишларида шифобахш таъсирга эга, дизентерия (ичбуруғ) ва йирингли инфекция қўзғатувчилари бўлган стафилококклар ва стрептококкларга ҳалокатли таъсир қилади.

Анор шарбати – ундан гастрит(меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиши), цинга касаллиги, камқонликда фойдаланилади. Юрак-қон томирлари тизими ишини яхшилайди. Ўзининг умумий қувват бағишловчи таъсири билан фойдали, биоген стимулятор ҳисобланади ва меъда ости бези касалликларида даво бўлади. Ични қотириш хусусиятига эга.

Беҳи шарбати – қон ҳосил бўлишини фаол рағбатлантиради. Нафас аъзолари касалликларида қўлланилади.

Олхўри шарбати – вирусларга қарши табиий дори воситаси ҳисобланади. Юрак-қон томирлар тизимини яхшилайди, сурги сифатида қўлланилади.

Сабзи шарбати – иштаҳани, ҳазм тизими фаолиятини, кўришни яхшилайди, тишларни, асаб тизимини мустаҳкам қилади, иммунитетни оширади. Инфекцияга қарши антиоксидант ҳисобланади.

Ошқовоқ шарбати – жигар, буйраклар, қовуқ касалликлари, камқонликда, моддалар алмашинуви бузилганда, семизликда, қандли диабетда, ичак санчиқларида фойдали.

Олма шарбати – пектинга бой, организмдаги заҳарли моддаларни сўриб олишда адсорбент каби таъсир қилади. Организмни буйрак тошларидан фориғ қилади. Нафас аъзолари ишини яхшилайди, юрак-қон томирлар тизимини мустаҳкамлайди.

 Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.