Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 май куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари бир-бирини, мамлакатларимизнинг биродар халқлари ва фахрийларини Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалаба куни билан самимий муборакбод этиб, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва фаровонлик, тинчлик ва равнақ тиладилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари изчил ошиб бораётгани, парламентлар, ҳукуматлар ва ҳудудлар ўртасидаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика, инфратузилма ва бошқа устувор йўналишлардаги қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Президентлар минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, бўлажак олий даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.