Маълумки, ўтган йилнинг декабрь ойида Франция касалхоналарига 35 нафар Lactalis қуруқ сутидан заҳарланган эмизикли гўдаклар ётқизилиб, уларнинг 18 нафарига ўткир ичак касаллиги инфекцияси диагнози қўйилганди, дея хабар беради Euronews ахборот хизмати.
Аниқланишича, мазкур қуруқ сутлар таркибига тайёрланиш жараёнида гигиенага амал қилинмаганлиги натижасида сальмонелла инфекцияси тушган. Шунга қарамай, Францияда йирик тижорий озиқ-овқат компаниялар Lactalis қуруқ сутларини сотишни давом эттирганлар. Куни кеча мазкур йирик тижорий озиқ-овқат компаниялари кенг жамоатчиликдан расмий равишда узр сўрадилар.
Франциядаги Жабрланган болалар Ассоциацияси президенти Квентин Гийеман айтишича, Lactalis қуруқ сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниясининг Picot ва Milumel номли сутлари жаҳонннинг 65 та давлатига экспорт қилиниб, жаҳон жамоатчилигини ана шу сутларни сотиб олмасликка чақирди. “Гап миллионлаб сут қутилари ҳақида боряпти улар миллионлаб эмизикли болаларни касал қилиши мумкин” дейди Квентин Гийеман.
Сальмонелла инфекцияси қишлоқ хўжалиги ҳайвонларидан юқувчи ичак бактерияси бўлиб, бу билан заҳарланган кишиларда диария, ошқозон оғриғи, қусиш ва организм сувсизланиши каби симптомлар кузатилиб, бу айниқса ёш болалар учун катта хавф туғдиради.
Бугун Францияда мазкур сутдан касалланган 35 нафар болалар тузалиб, уйга қайтганлар.
Ойдин Саъдуллаева тайёрлади.