Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази мутахассислари Чилонзор туманидаги 322-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида “Эзгулик – ҳаёт гултожи” мавзусида кўчма кутубхона ташкил қилди.
Ушбу тадбир “Меҳр кутубхонаси» лойиҳаси доирасида “Китобхон оила ва китобхон бола” клуби аъзолари билан ҳамкорликда уюштирилди.
Тадбирни мактабгача таълим ташкилоти директори Г. Нарзиқулова очиб, мазкур муассасадаги болаларга яратилган шароитлар ҳақида ахборот берди. Шунингдек, диёримизда ҳар бир боланинг тақдири давлатимиз ихтиёрида эканлиги, ҳеч ким уларнинг тақдирига бефарқ эмаслиги, ҳар куни соғлиги назорат қилинишларини батафсил гапириб ўтди.
– Кўчма кутубхонанинг ташкил этилиши, болаларга завқ бағишлаши табиий. Уларга эътибор қаратсангиз, меҳр кўрсатсангиз соғлом болалар сингари фикрлайдилар, гўзалликка интилишади – дейди муассаса раҳбари.
Тадбир давомида сўзга чиққан “Билим” АКМ мутахассиси Р. Холиқова болаларга ўзбек халқ эртакларидан “Зумрад ва Қиммат” эртагини айтиб берди. Эртакдаги эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги фарқ ҳақида гапирар экан, мазкур эртак асосида савол жавоблар олиб борди.
Топқир болажонлар ушбу саволларга тезлик билан жавоб беришди ва ҳозиржавоб кичкинтойларга китоблар тарқатилди. Болалар кўргазмадаги рангли саргузашт китоблар билан танишиб, хурсанд бўлишди.
Тадбирда сўзга чиққан “Билим” АКМ мутахассиси Ш. Атаджанова кутубхона фаолияти бўйича тўлиқ маълумот берди. Сўнгра, кўргазмадаги ўзбек ва хорижий болалар асарларига библиографик шарҳ бериб ўтди.
Тадбир сўнгида муассаса ишчи ва хизматчиларига кутубхона фаолиятини акс эттирувчи буклетлар тарқатилди.
Р. Холиқова, Тошкент шаҳар «Билим» АКМ мутатхассиси