“Соғлом авлод” газетаси ва “Соғлом она ва бола” аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Стол атрофида” лойиҳаси доирасида ўтказилган давра суҳбатида Республика перинатал маркази директор ўринбосари Шоҳида Бобожонова фикр билдирди:
– Бундай туғруқларни олиб бориш Европанинг баъзи мамлакатларида йўлга қўйилган. Лекин Ўзбекистонда уйдаги туғруқ амалиётига рухсат берилмаган. Аслида, 85 фоиз аёлда туғруқ жараёни нормал кечади.
Лекин бу жараёнда мутахассис ҳозир бўлиши шарт. Иккинчидан, уй шароити тозаликка жавоб бериши керак. Бундан ташқари, шошилинч тез тиббий ёрдам анжомлари тайёр бўлиши талаб этилида. Чунки туғруқ жараёни қандай кечишини ҳеч ким олдиндан мутлақо аниқ айтиб беролмайди.
Масалан, туғиш жараёнида онанинг ҳолати яхши бўлиб, ҳаммаси ижобий тугаганидан сўнг, нимадир сабаб билан йўлдоши ажралмай, қон кетиб қолди, дейлик. Бу вазиятда нима қилиш керак? Биринчидан, анестезиологнинг тезкор ёрдами керак, зудлик билан қон кетишини тўхтатиш зарур. Буни мутахассисдан бошқа ҳеч ким амалга оширолмайди. Уй шароитида эса, бунинг асло иложи йўқ. Оналарнинг ўлимига кўпинча қон кетиш сабаб бўлади.
Шу каби омиллар боис ҳомиладор аёлнинг уй шароитида кўзи ёришига рухсат берилмайди.
Чарос Хушвақтова ёзиб олди.