Халқни рози қилиш – барча раҳбарларнинг энг устувор вазифаси

0
136
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 26 июль куни аҳоли турмушини яхшилаш ва тадбиркорлар фаоллигини оширишга қаратилган таклифлар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди,  дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Сўнгги йилларда барча соҳа ва йўналишларда фундаментал ислоҳотлар амалга оширилди. Тараққиёт стратегияси мамлакатимизда ривожланишнинг янги босқичини бошлаб берди. Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш унинг биринчи мақсади этиб белгиланган.

Иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётдаги барча соҳалар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот 5,4 фоиз ўсган. Саноат, қурилиш, савдо ва хизматлар соҳаларидаги ривожланиш суръатлари ҳам, пировардида, аҳоли турмушида намоён бўлмоқда.

Шу билан бирга, Халқ қабулхоналари, ижтимоий тармоқлар ва сўровлар орқали соҳа ва ҳудудлардаги муаммолар, одамларнинг адолатли таклифлари ўрганиб борилмоқда. Улар асосида халқимизни рози қиладиган қарорлар қабул қилинмоқда.

Жумладан, тадбиркорлик бўйича лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, муддатлари қисқартирилди. Йил бошидан буён 50 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Аҳоли сотиб олган уйларнинг 28 фоизи ипотека кредитлари ҳисобига молиялаштирилди. 1 сентябрдан бошлаб хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳам давлат бюджетидан 2 миллион сўмлик ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Йиғилишда аҳоли ва бизнесни қийнаб келаётган муаммолар, улар бўйича илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди. Асосли таклифларни қаноатлантириш, одамлар учун қулайликларни ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Президент халқимизни рози қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча шароитларни яратиш барча раҳбарларнинг энг устувор вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.