Кристалина Георгиева: «Ўзбекистон келажагига ишонаман»

0
188
марта кўрилган.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 18 январь куни Жаҳон банки бош ижрочи директори Кристалина Георгиева бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар берилмоқда Prezident.uz сайтида. 

Кристалина Георгиева давлатимиз раҳбари билан мулоқотдан сўнг Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакилларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ўзбекистонга мамлакатни ўзгартиришга сиёсий иродаси кучли инсон раҳбарлик қилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев  ривожланиш истиқболини кўра билиш қобилиятига эга. Ўйланган барча мақсадларга эришишга қалб билан ёндашади.

Ўзбекистонда валюта курсини либераллаштиришга оид сиёсат тўғри танлангани амалда ўз исботини топмоқда. Бизнес вакиллари бу иқтисодиёт ва савдони ривожлантириш учун улкан имкониятлар очаётганини таъкидламоқда.

Ўзбекистон Президентининг мақсади аҳолининг имкониятлари, истеъдодини рўёбга чиқариш имконини берадиган ислоҳотларни амалга оширишдан иборат. Яъни, одамлар ҳаётнинг турли соҳаларида ўз салоҳиятларини тўла намоён этсин. Ўзгаришларга қаратилган юксалиш жуда муҳимдир. Якунига етган йил эса мамлакатда жиддий ўзгаришлар даври бўлди.

Жаҳон банки Ўзбекистондаги фаолиятини салмоқли даражада кенгайтиришга тайёр. Биз мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар жиддий эканига ишонамиз ва уларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Дунёда рақобатбардош бўлиш осон эмас, лекин халқ жипслашса, сиёсий ирода ва келажакка ишонч бўлса, бунга эришиш мумкин. Мен Ўзбекистонга жаҳоннинг энг илғор давлатлари орасида бўлишини чин дилдан тилайман.

Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш – 2018” (Doing Business 2018) рейтингида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида жаҳоннинг етакчи ўнта мамлакати қаторига кирди. Мамлакат юксалди. Бу ўзгаришлар руҳини ифодалайдиган яхши кўрсаткичдир.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.