Санъат турлари ва уларнинг тарбиявий аҳамияти

0
3931
марта кўрилган.

Cанъат-ижтимоий онг ва инсон фаолиятининг ўзига хос шаклидир. Санъат инсон меҳнати, ақл-идроки, шуури билан яратилган ижод маҳсулидир. Санъат асарида шахснинг ўзига хос истеъдоди намоён бўлади.

Санъат инсоният маънавий маданиятининг таркибий қисми, дунёни маънавий англашнинг махсус туридир. “Санъат” кенг маънода, бадиий қадриятлар, уларни яратиш (бадиий ижод қилиш) ва истеъмол (бадиий идрок этиш) жараёнларини қамраб олади. Санъат ҳозирги даврга қадар инсоният тараққиёти билан боғлиқ ҳолда ривожланиб келган.

 “Санъат” тушунчаси инсоннинг гўзаллик қонуниятлари асосида борлиқни бадиий ўзлаштириш (ва ўзгартириш)га қаратилган яратувчилик фаолияти ҳамда унинг натижаси сифатида вужудга келган жами нарсалар тушунилади, яъни, гўзаллик қонунлари асосида маҳорат ва дид билан яратилган нарсаларнинг ҳаммаси санъатга алоқадордир.

Санъатнинг  икки тури фарқланади: амалий ва бадиий (нафис). Амалий санъат турларига кулолчилик, наққошлик, каштачилик, зардўзлик, либос яратиш каби соҳалар кирса, бадиий санъат турларига рассомлик, мусиқа, ҳайкалтарошлик, кино, театр, бадиий адабиёт кабилар мансуб. Шунингдек, ифодали ва тасвирий санъат турлари фарқланади.

Баъзи санъат турлари тасвирласа, бошқалари ифодалайди. Айтайлик, мусиқа-ифода санъат композитор оҳанглар орқали кечинмаларни ифодалайди ва шу оҳанглар руҳиятимизда муайян бир кайфият ҳосил қилади. Рассомлик билан ҳайкалтарошлик тасвирий санъат турлари бўлиб, унда бирор манзара, ҳолат мусаввир қалбини жунбишга келтириб, қалбида муайян кечинмалрни қўзғатади ва мусаввир ўша манзарани ранг-тасвирга муҳрлайди. Шу тариқа санъат асарлари руҳиятимизга озиқ беради.

Санъатнинг турли кўринишлари воқеликни, ундаги ҳодиса, нарса ва ҳолатларни ўзига хос усуллар ёрдамида акс эттиради. Масалан, мусиқада товушлар, уларнинг ўзаро боғланиши, уйғунлиги орқали; бадиий адабиёт сўз, образлар орқали; тасвирий санъатда бўёқлар ёрдамида муайян ҳиссий образ гавдалантирилади; театрда пғеса қаҳрамонларининг сиймоси актёрлар орқали намоён бўлади.

Мавжуд санъат турлари орасида бадиий адабиёт етакчи ўрин тутади. Чунки бадиий адабиёт универсал билиш ва ифода воситаси бўлмиш сўз билан иш кўради.

Санъат тарихи. У қадимий тарихга эга бўлиб, у жамият тараққиётининг илк босқичларида меҳнат жараёни, шунингдек, кишилар ижтимоий ривожланиши билан боғлиқ ҳолда вужудга кела бошлаган.

Санъат ижтимоий онгнинг бошқа шаклларидан ўзининг предмети, мазмуни, воқъеликни ифода этиш усули ва услуби, ижтимоий ҳаётда тутган ўрни ҳамда вазифалари жиҳатидан фарқ қилади. Санъат инсоннинг моддий ва маънавий фаолиятидаги билими, тажрибаси, маҳорати ва қобилиятларини намоён этувчи бадиий ижодиёт маҳсулидир.

Санъатнинг таъсири. У инсон учун эстетик завқ-шавқ манбаи; инсон ҳаётига гўзаллик бахш этади; одамларда воқеликка нисбатан ҳиссий муносабатни шакллантиради. Ҳаётни кузатиш, ўрганиш ва билиш воситаси ҳамдир. Ҳаётни инсон орзу қилган томонга ўзгартиришда ёрдам беради. Тарбия воситаси сифатида хизмат қилади. Ҳаётдаги гўзалликдан илҳомланишга, ёмонликдан нафратланишга чорлайди.

Одамлар орасидаги маънавий кўприк, мулоқот воситаси бўлиб,  одамларнинг бадиий-эстетик дидини тарбиялайди, уларда маълум дунёқарашни шакллантиради. Санъат жамият маънавий ҳаётининг бошқа ходисалари (фан, мафкура, ахлоқ) маълум даражада боғлиқдир. Санъатнинг мақсади дунёни бадиий ўзлаштириш, одамга лаззат бахш эта оладиган, уни маънавий бойита оладиган асарлар яратиш йўли билан кишиларнинг эстетик эҳтиёжларини қондиришдан иборат. Инсон санъатдан эстетик завқ, битмас-туганмас ижодий куч-қудрат олади ва шу маънода санъат маънавий юксалишнинг энг таъсирчан қуролига айланади, бироқ энг аҳамиятли жиҳати шундаки, у инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.

ХУЛОСА. Санъат ижтимоий ҳаётнинг мустақил бир соҳаси бўлиб, жамиятнинг барча томонларига таъсир ўтказади, ижтимоий онгнинг ҳамма шакллари билан алоқага киришади. Санъат воқъеликни бадиий воситалар орқали янада тўлақонли, жозибали англашга ёрдам беради. Санъат учун инсон бош мавзу бўлиб хизмат қилади. Санъатда инсон ҳамма вақт ҳам бевосита ифодаланмайди. Санъат нарсалардан, табиат ҳодисаларидан инсон учун аҳамиятли бўлган маънони излайди, инсон қалбини поклайди, унинг ҳар томонлама камол топишида муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Шохиста Самарова, Чирчиқ давлат педагогика университети  Психология кафедраси мудири

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.