Шавкат Мирзиёев «Амударё» болалар оромгоҳи ва Бахшилар мактабини бориб кўрди

0
192
марта кўрилган.

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига аввалги ташрифи чоғида Термиз шаҳрида “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳини барпо этиш лойиҳаси билан танишиб, ҳудудда инфратузилма объектларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берган эди. 

Шунга мувофиқ Сурхондарё дарёси бўйида 200 ўринли дам олиш маскани қурилиб, ўтган йил ёз мавсумида фойдаланишга топширилди. Оромгоҳда умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, имконияти чекланган болалар дам олдирилиб, соғломлаштирилади,  дея хабар берилмоқда Prezident.uz сайтида.

Маскан 6,2 гектар майдонни эгаллаган. Тўртта ётоқхона, амфитеатр, ошхона, сузиш ҳавзаси, спорт майдонлари, бошқа бино ва иншоотлар бунёд этилиб, зарур инвентарлар билан жиҳозланган.

Давлатимиз раҳбари муассасада болаларнинг мароқли дам олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, овқатланиши ва яшаши учун яратилган шароитлар билан танишди.

Жорий йил март ойидан оромгоҳ йил давомида узлуксиз фаолият юрита бошлайди. Унга мамлакатимизнинг барча ҳудудидан фан олимпиадалари, халқаро танлов ва спорт мусобақалари ғолиблари бўлган 5-11 синф ўқувчилари, ёзги таътилда эса вилоятдан минг нафар ўғил-қиз қабул қилинади.

Бугунги кунда оромгоҳ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тасарруфига ўтказилиб, уни халқаро ёшлар оромгоҳига айлантириш режалаштирилмоқда.

Оромгоҳ ҳузурида умумтаълим мактаби барпо этилган. Мактаб негизида 125 ўринли бахшичилик мактаби ҳам фаолият юритади. Ўқувчилар бу ерда халқ оғзаки ижоди ҳамда ўзбек халқ чолғуларидан сабоқ олади. Дарс машғулотларини малакали ўқитувчилар билан бирга тўрт нафар Ўзбекистон халқ бахшиси олиб боради.

Президентимиз мактабдаги шароитлар билан танишди, Ўзбекистон халқ бахшилари Шоберди Болтаев ва Абдуназар Поёнов билан мулоқот қилди.

-Достончилик ва бахшичилик — миллий ғуруримиз. Унинг замиридаги эзгу қадриятларни халқимизга етказиш лозим. Бахшичилик мактаби халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдоналарини асрашга, уни ривожлантиришга, бахшиларнинг обрўсини кўтаришга хизмат қилиши керак. Жорий йил Наврўз байрами арафасида юртимиз бахшиларининг республика семинарини ўтказишни йўлга қўйсак, уларни қўллаб-қувватлаган бўламиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз “Мустақиллик бахшилари” китобини чиқариш, вилоятдаги коллежларда ҳам ушбу санъатни ўқитиш юзасидан топшириқлар берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.