Арт терапиясининг  турлари ва машғулотлар ўтказиш тартиби

0
3834
марта кўрилган.

Ҳозирги даврда ривожланиб бораётган арт терапияси болалар ва катталар учун бирдай зарурлиги ва унинг   мақсадлари хусусида ҳикоя қилгандик.

Сўнгги йилларда фанга кириб келган ва жадал ривожланиб бораётган “Арт терапияси” соҳаси санъат  таъсири асосида даволашдир. У одамларнинг ёшидан қатъий назар  руҳий қўллаб-қувватланишга эҳтиёжли инсонлар билан ишлашда кенг қўлланилмоқда. Арт терапиясида инсон ўзини эркин намоён эта олади ва кўнглини тўлиқ очишга имкон беради.

Бугунги мавзумизда унинг асосий турлари, машғулотлар ўтказиш тартиби ва арт терапевтик таъсир кўрсатиш учун қандай материаллардан фойдаланиш  ҳамда  қандай натижаларни кутиш мумкинлиги ҳақида фикр юритилади. Бунинг учун арт –терапиясининг  турлари билан таништирамиз

 Изотерапия. Мусаввирлик ва амалий санъат арт-терапиянинг кенг тарқалган турларидир. Изотерапиянинг асосий афзалиги шундаки, у ички чеклов тўсиғини енгиб, онг остидаги ишонч эшикларини очади. Ижодиёт – онг остида яширинган салбий кечинмаларни юзага қалқиб чиқаришга, руҳият озод бўлишига кўмаклашади.

Рақс терапияси. Ўз шахсий ҳис ва туйғуларини рақсда кўрсатишдан яхшироқ нарса борми? Бу билан бирга рақс терапияси машғулотлари шунчалик самарали ва соғайтирувчи таъсирга эга бўладики, у инсоннинг дунёга бўлган қарашларини ўзгартиришга қодир. Бунинг учун рақсни ўзининг иттифоқдоши қилиб олинса, бас. Танага йўналтирилган терапия асосчиси Вилгейм Райх бу борада шундай деганди: “Агар ҳиссиётларнинг (ҳар қандай: жаҳл, хафагарчилик, хурсандчилик кечинмаларини) ташқарига чиқишига имкон берилмаса, улар инсон танасида ўзига хос мушак қалқонини ташкил қилиб, ҳужайраларда йиғилади. Рақс терапияси бунинг олдини олади. Рақсга тушиш жараёнида уларни тарқатиб, йўқотиб ташлашга эришиш мумкин.

Арт терапиясида инсонда эркинлик ҳиссиёти пайдо бўлгунга қадар, рақсга тушиш тавсия этилади. Бу ҳолда рақс студиясидаги машғулотлар тўғри келмайди, сабаби барча ҳаракатлар у ерда мураббий томонидан белгилаб берилади. Ҳар бир инсон  ўз ички кечинмаларини ўзи бошқариб руҳиятини юксалтириб олиши керак. Шундагина салбий ҳиссиётлардан форих бўлади.

Мусиқа терапияси. Мусиқа инсон ҳис-туйғуларини, орзу-истакларини ўзига хос бадиий тилда ифода этади ва кишиларнинг ҳиссиётларига, эстетик ва ахлоқий тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади, гўзалликка бўлган ҳис-туйғуларнинг ривожланишига замин яратади. Бу борада Шарқ мутафаккирларининг мусиқий, фалсафий, психологик ва педагогик меросидан таълим жараёнида фойдаланишнинг илмий-назарий асослари, унинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда моҳиятини ўрганиш муҳим аҳамиятга молик. Ўсиб келаётган авлод учун мусиқий тарбиянинг аҳамиятини ниҳоятда улуғвор эканлигини буюк алломалар алоҳида урғу билан таъкидлаганлар. Шу билан бир қаторда, мусиқий атамаларни, усулларни шарҳлашга ҳаракат қилганлар.

Ўтмишда яшаб ижод қилган улуғ аждодларимиз Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Юсуф Хос Ҳожиб, Имом Исмоил Бухорий, Имом ат-Термизий, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийнинг илмий-маънавий меросларидан ёшларни кенг баҳраманд қилиб бориш, шунингдек, яқин ўтмишда яшаб ижод қилган Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Садриддин Айний кабиларнинг таълим-тарбияга оид асарларини, уларда илгари сурилган ғоялар, педагогик фикр ва қарашларни бугунги таълим-тарбияга боғлаш натижасида яхши самарага эришиш мумкин.

Тарихий манбаларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, юқорида номлари зикр этиб ўтилган буюк сиймолар ўзларининг илмий ва педагогик қарашларида шахс камолотида барча аниқ фанлар қатори санъат турлари, айниқса, мусиқа санъати кенг имкониятларга эга эканлигини эътироф этиб ўтганлар. Улуғ қомусий олим Абу Наср Форобий  бу борада фикр юритиб, “Мусиқа нафақат инсонларни тарбиялайди, балки унинг руҳини даволайдиган омилдир” — дея таъкидлаган. Шунингдек, мусиқанинг руҳиятга таъсири, тарбиявий қуввати ҳусусида Шарқнинг буюк шоир файласуфи Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, мусиқа назариётчиси Дарвеш али Чангийларнинг мусиқий мерослари мусиқий-эстетик тарбия муаммоларини ҳал этишда ноёб манба бўлиб хизмат қилади. Ўзбек халқининг буюк шоири ва алломаси Алишер Навоий ўз асарларида назм, қўшиқ ва рақс давра аҳлига бағоят завқ-шавқ бағишлашини таъкидлаганлар.

Ҳамма даврларда ҳам мусиқа санъати кишилар ҳаётида муҳим ўрин тутиб келган. Ўзида халқнинг турмуш тарзини, ҳаётга муносабати ва дунёқарашларини акс эттирган. Шунга кўра таълим-тарбия соҳасида санъат, унинг етакчи ва оммавий турларидан бўлган мусиқанинг ўрни алоҳидадир. Улуғ аллома Ибн Сино фикрича, инсон қалби ўз табиати билан бир-бирига монанд бўлган товуш ва ритмларни ёқтиради. Шу сабаб товуш инсонлар ҳаётида энг зарур омиллардан бири; товуш ин­сонни ҳаяжонлантиради, саломатлигига катта таъсир кўрсатади. Ибн Синонинг “Мусиқа билимига оид тўплам” асари биринчи мақола муқаддимасида товушнинг сезги органларига таъсири, унинг ёқимли ва ёқимсизлиги, товушни эшитганда лаззатланиш ё нафратланиш ҳиссининг пайдо бўлиши каби масалаларга тўх­талган. Унда мусиқанинг киши ҳаётига қанчалик зарурлиги ва унинг пайдо бўлиши сабаблари ҳақида мулоҳаза юритилган. Инсон табиати ёқимли нарсалар орқали енгил тортади, ором ола­ди, акси бўлса оғирлашади, ороми йўқолади, нафрати қўзғалади.

Шу билан бирга, Ибн Сино мулоҳазасига кўра, овознинг баланд-­пастлиги ҳам, уларнинг бир-биридан фарқ қилишнинг ҳам ўзига хос маъноси бор. Бу хил турли-туман овозларда назокат билан маълум маънолар ифодаланган. Булар ҳаммаси ўша овоз соҳибига таъсир этиб, ундан кузатилган маъно тушунилади. Мана шунда олим фикрича, овознинг баланд-пастлиги, айниқса, мусиқий овоз ёки товушнинг даражаси қандай бўлишлиги киши руҳига таъсир этишда аҳамият касб этади. Мана шу мулоҳазадан кейин, Ибн Сино ёқимли ва ёқимсиз овозларнинг инсон саломатлигига таъсирини таъкидлаб ўтган.

Ибн Сино ўзининг машҳур: “Қонун-фит-тиб” асарида қуйидагиларни таъкидлайди: “Танани чиниқтиришда чақалоқлар учун жуда фойдали воситалар қаторига, биринчидан, енгил тебратиш ва, иккинчидан, одатда ухлатиш учун айтиладиган қўшиқлар — аллалар киради. Боланинг ушбу икки нарсани қабул қилиш даражасига мувофиқ унинг жисмоний машқларга ва мусиқага мойиллигини аниқлайдилар. Уларнинг биринчиси танага, иккинчиси эса руҳиятга тегишлидир”. Бунда Ибн Сино маънавий тарбия боланинг чақалоқ ёшидан бешигини тебратиш давомида (жисмоний тарбия) алла (қўшиқ) айтиш воситалари билан муштарак тарзда олиб борилиши лозимлигини айтиб ўтган.

 “Мусиқа – донишмандлик ва файласуфликдан юқорироқ таъсирга эга” – деган эди Бетховен. Шу сабабли ҳам арт терапиясида мусиқий усулдан кенг фойдаланилади. Ғарб олимлари олиб борилган кўплаб изланишлар натижасида шундай хулосага келганларки, мусиқа билан даволаш жуда катта самарага эга. Мусиқа билан даволаш альцгеймерлар, тушкунлик, қўрқув ва уйқусизлик ҳолатида самаралидир. Мусиқани тинглашда – инсоннинг ички ҳолати мусиқа маромига тенглашиб, ижобий тебранишларни ўзига сингдиради. Мусиқа нафақат кайфиятни кўтаради, балки  мушаклар таранглигини камайтиради, даволаш кучига эга бўлади.

Ўйин терапияси. Арт терапиясида ўйинли машқлар алоҳида эътиборга молик. Ўйинли машқлар инсонга завқ бериш билан бирга, ундан ижодкорликни ҳам талаб этади. Масалан, болаларнинг чиллак ўйини, қизчаларнинг беш тош ўйини, бекинмачоқ ўйинлари болаларнинг руҳиятига яхши таъсир этиб. Ижодкорликка йўналтиради, ўз муаммоларини унишга ёрдам беради.

Саҳнада ижро терапиясиПсиходрама кўринишига эга ўйинлар орқали даволаш  йўналишни Якоб Морено асослаган. Саҳна кўринишларида иштирок этиш инсон руҳиятига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлаган. Ҳаётдаги мураккаб ва оғир вазиятларда ушбу  даволаш қўл келади. Театрлашган ўйинлар хотира, диққат, ирода, ҳис-ҳаяжон, тасаввур ва жисмимиз ҳолатини фаоллаштиради.

Маълумки‚ мамлакатимизда театрнинг деярли ҳамма турлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Театр бу юнонча (tiyation) сўзидан олинган бўлиб томошахона деган маънони билдиради. Жажжи кичкинтойларимизнинг севимли театри бу қўғирчок театридир. Бу театр орқали болалар ўзларига яқин ва таниш бўлган ўйинчоқларни, айиқча, қуёнча, кучукча ва бошқа қахрамонларни жонли равишда кўрадилар. Театр болаларга хурсандчилик ва қувонч бахш этиш билан бирга катта тарбиявий аҳамиятга ҳам эгадир.  Шу сабабли саҳна ижросида болани қатнаштириб, саҳна  терапиясидан фойдаланиб, инсон руҳий оламига таъсир кўрсатиш имкони мавжуд.

 Фототерапия. Психологик муаммолар ечими шахсий ўсиш ва ўз-ўзини англашда фототерапиянинг ўрни муҳимдир. Арт терапиясининг замонавий тури ўтган асрнинг 70-йилларида Америкада кенг оммалашган. Бунда инсон ўзини суратга тушириши ёки суратга ўзи тушиб, тайёр суратлар билан ишлаши мумкин. Бу кабилар бошқа ижод турлари билан психик уйғунлашиб, таҳлил этилади. Қўшимча тасвирий техникалар, муссавирлик, ва суратлардан макет ясаш диққатни тўплайди,  инсон севимли касби билан машғул бўлади. У рақс ва бадиий кўринишлар ва бошқалар билан уйғунлаштирилганда янада самарали бўлади.

Кейинги дарсимизда эртаклар терапияси ҳақида ҳикоя қиламиз. Ушбу усул болалар учун ниҳоятда зарур ҳисобланади. Бизни кузатиб боринг. Арт терапиясининг замонавий турларидан ўзингизга маъқулини танланг.

Шоҳиста  Самарова, Чирчиқ давлат педагогика университети  Психология кафедраси мудири

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.