Президент Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида янги барпо этилган муҳташам Санъат саройи ва амфитеатрда яратилган шароитларни кўздан кечирди, дея хабар берилмоқда Prezident.uz сайтида.
700 ўринли Санъат саройи ҳамда 3 минг ўринга мўлжалланган амфитеатрда замонавий қулайликлар яратмлган. Хориждан овоз ёзиш ҳамда созлаш, ёритиш тизими ускуналари, мониторлар келтириб ўрнатилди. Хорижлик меҳмонларга тўғридан-тўғри таржима қилиб бериш учун кабиналар, санъаткор ва актёрлар хоналари махсус жиҳозлар билан таъминланди.
Ҳудуди 32,5 гектар бўлган масканнинг атрофи ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилди. Мусиқали фаввора қурилди.
Давлатимиз раҳбари бу ерда пойтахтимиз тетрлари билан ҳамкорликда маҳорат дарслари ўтказиш, спектакллар қўйиш, хусусан, давлат буюртмаси асосида Исо ат-Термизий ва Алпомиш ҳақида асарлар яратиш зарурлигини таъкидлади. Театр ижодкорлари учун кўп қаватли уй бунёд этиш бўйича топшириқлар берди.