Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, ипотека кредити механизмларидан фойдаланиш амалиётини янада такомиллаштириш ва кенгайтириш мақсадида:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилган фуқароларнинг уй-жойларни сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.
2. Белгилаб қўйилсинки:
мазкур қарорнинг 1-бандида кўзда тутилган имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг саксон бараваридан ошмаган қисмига татбиқ этилади;
2023 йилдан бошлаб ипотека кредити ҳисобига сотиб олинган, қурилган ва реконструкция қилинган мол-мулк унга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан ўттиз олти ой ичида бегоналаштирилганда, мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган даромадлар белгиланган тартибда солиққа тортилади.
3. 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган уйлардаги квартираларни (хоналарга бўлинган ва пардоз ишларига тайёр) бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга ҳамда улар бўйича дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия тўлашга рухсат берилсин.
4. 2021 йилда янги тартиб асосида ипотека кредитлари ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида берилган субсидия ажратиш тўғрисидаги хабарномаларнинг амал қилиш муддати 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилсин.
5. Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг халқаро молия ташкилотларидан Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун жалб этилган маблағлар ҳисобидан “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖга (кейинги ўринларда – Компания) тижорат банклари томонидан аҳолига берилган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун 3 йил муддатга 12 фоиз ставкада ва фоиз тўловларини ҳар 6 ойда тўлаш шарти билан 300 миллиард сўмгача бюджет ссудасини ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Бунда, Компания ресурсларни тижорат банкларига 1 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда маржа қўллаган ҳолда жойлаштирсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари йил якунига қадар:
уй-жойларни сотиб олиш ва ипотека кредитларини расмийлаштириш жараёнларида фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида вилоятлар марказларида Тошкент шаҳри тажрибаси асосида ипотека марказларини ташкил этиш;
ипотека марказларида ҳудудда уй-жой қурилишини амалга ошираётган қурилиш-пудрат (девелопер) ташкилотларининг сотув офисларини, тижорат банкларининг банк бурчаги ва кассаларини ҳамда хусусий нотариал идораларни жойлаштириш чораларини кўрсин.
7. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда аҳолига уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун субсидия ажратиш жараёнларини рақамлаштириш, шунингдек, ипотека кредити ажратиш тартибини соддалаштиришни назарда тутувчи қарорни қабул қилсин.
8. Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А.Ишметов ҳамда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари И.И.Норқулов белгилансин.
Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ