Гўдакда бўйин қийшиқлиги, яссиоёқлик, тос суякларидаги ва умуртқадаги туғма нуқсонлар аниқланган бўлса, уқалаш энг яхши даво чораси ҳисобланади.
Баъзи янги туғилган чақалоқларда гипертонус, оёқ ва қўл бармоқларининг букилишида муаммолар каби неврологик хасталиклар кузатилганда, педиатр томонидан даволовчи уқалаш тавсия этилади. Бундай муолажалар уқаловчи ҳамшира томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Чунки, бола нозик бўлади. Билиб-билмай амалга оширилган уқалаш чақалоқнинг соғлигига салбий таъсир кўрсатиши мкмкин.
Мутахассислар фикрича уқалаш профилактик усуллардан бири бўлиб, гўдакнинг кундалик парваришига кириши шарт ҳисобланади. Бундай уқалашни оналар мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда уй шароитида амалга оширишса бўлади.
Ушбу муолажани амалга ошириш учун нималарни билиш муҳим? Профилактик уқалаш бола туғилган кундан бошлаб 3 ёшга тўлгунига қадар давом эттирилгани маъқул.
Оҳиста ва тўғри йўналтирилган профилактик массаж гўдакнинг: жисмоний ва руҳий ривожланишини таъминлайди, ошқозон-ичак фаолияти ва нафас олишининг яхшиланиши, иммунитетининг кучайиши, моддалар алмашинувининг фаоллашувига самарали таъсир кўрсатади. Уқалашдан сўнг бола танасида қон айланиши тезлашади, иштаҳаси очилади, асаблари тинчланиб, яхши ухлайди.
Муолажага тайёргарлик: Массаж қилинадиган хона ёруғ, тоза, илиқ, елвизаксиз, ҳаво ҳарорати +22-25 оралиғида бўлиши керак. Уқалаш учун уйдаги энг қулай жой бу стол усти бўлиб, унга юмшоқ кўрпача тўшанг. Ором беручи бола хуш кўрадиган майин мусиқа қўйиш мумкин. Бола энг яхши кўрадиган бир- иккита кичикроқ ўйинчоғини олдига қўйиш мақсадга мувофиқ. Бола овқатлангач, 30- 40 дақиқа сўнг массажни бошлаш мумкин бўлади. Массаж пайтида боланинг териси тоза ва қуруқ бўлсин. Унинг терисига мос бўлган ёғ ёки кремни тайёрлаб қўйинг.
Азиз ота-оналар, гўдак уч ёшгача подшо бўлишини унитманг.
Фазилат САЪДУЛЛАЕВА тайёрлади.