«Аёл ва Замон» газетаси Сурхондарё вилояти хотин-кизларининг маънавий маърифий, ижтимоий нашри 1991 йилнинг сентябрь ойидан фаолият кўрсатиб келяпти. Ойига бир марта чикадиган, ранг-баранг ва турфа мавзудаги ОАВси сайтимиз меҳмони.
СОПОЛ КОСА (воқеий ҳикоя).
Маҳалламизда яшайдиган Хайри хола бетоб бўлиб қолибди, деган хабарни эшитибоқ, туш маҳали бўлишига қарамай, ҳол-аҳвол сўрагани шошилдим. Чунки ҳамиша давраларни қизитиб гурунг бериб ўтирадиган Хайри хола ёлғизгина кенжа ўғлини уйлантиргандан сўнг, негадир маҳалла-кўйдаги йиғинларда кам кўринадиган, кейинги пайтларда эса умуман остона ҳатлаб кўчага чиқмайдиган бўлиб қолганди. Биз аёллар онда-сонда ўзимиз бориб бир соат-ярим соат гурунглашиб, кўнглини ёзиб қайтардик. Хайри хола мени кўриб хурсанд бўлди. Бағрига маҳкам босиб қучоқлаб, ўпиб кўришди. Сўнг иккаламиз анча паллагача у ёқ, бу ёқдан гурунг қилиб ўтирдик. У анча маҳзун тортиб қолгандай туюлди. Хийлагина озибди, жуссаси муштдеккина бўлиб қолибди. Лекин гурунглари ҳамишагидай маънили, сўзлари меҳрли эди. Бирор гапида ўксиниш, шикоят ёки норозликка ўхшаш аламли оҳанг йўқ эди. Суҳбат орасида уй ичига секин разм солдим. Ғижирлаб очиладиган бир табақали эшик, иккита кичиккина кўк бўёқли дераза ромлари анчайин эскириб, қийшайиброқ қолибди. Шифтларни ис босиб қорайибди, деворга қоқилган михлар таги занглабди. Уй бурчагидаги эски сандиқ устига ишлатилавериб юпқалашиб кетган уч-тўртта кўрпача тахланган. Кузата туриб, токча устидаги сопол коса ва унинг ёнида турган бир уюм момиқ пахтага кўзим тушди.
Шу пайт эшик ғижирлаб очилди. Хайри холанинг невараси иккита нон, майда-чуйда билан дастурхон кўтариб кириб келди. Хола неварасидан:
–Болажон, овқатларинг пишиб қолдими? – деб сўради.
Қандайдир бир тушуниксиз норози қиёфада дастурхон ёзаётган болакай тўнғиллаб қўйди:
–Ҳа. Косангизни бераркансиз…
Неварасининг хушламайгина “ҳа” деган жавобидан сўнг, Хайри хола ёшига номутаносиб чаққонлик билан ўрнидан турди-да, токчадаги сопол косанинг ичи ва сиртини бир тутам пахта билан эринмай артди, сўнгра:
–Ма, мана, менинг косам топ-тоза! – деди оғрингандай бир оҳангда.
Невараси қовоғини уйганича косани олиб чиқиб кетди. Бу ҳолатни кўриб, юрагимда нимадир “чирт” этиб узилгандай бўлди. Беихтиёр, онажонимнинг “келининг ёмон бўлса ўғлингдан кўр”, деган гапи ёдимга тушиб кетди. Хаёлимдан “келини-ку ёмондир, лекин ўғлини нима жин урдийкин”, деган фикр ўтди. Қариганимда белимга куч, кўзимга нур бўлади деб, не ниятлар билан асраб-авайлаб катта қилган ўғли онаси овқатланадиган косани хотинига ювдириб, ёки ўзи ювиб қўйса бўлади-ку? Қизлари-чи, ахир улар узоққа эмас, шу маҳалланинг ўзига келин бўлиб тушишган, навбати билан келиб онасининг ҳолидан хабар олиб туришса, чойнак-пиёласини, шу баттагина сопол косасини ювиб қўйишса бўларди-ку?!
Шуларни хаёлдан ўтказар эканман, кўнглим хижил тортгандай бўлди. Дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетди. Наҳот, болам-чақам деб умрини ўтказган онаизорнинг аҳволи шу бўлса? Томоғим “ғиппа” буғилди. Боя болакай менга ҳам четлари кирланиброқ турган чинни косада шўрва келтирганди. Бетида ёғ чилпиллаб турган шўрвага Хайри холанинг қистови билан икки тишлам нонни ботириб едим-у, бўғзимни тўлдириб келаётган йиғини базўр тўхтатиш учун пиёладаги чойдан ҳўплаб-ҳўплаб, хола шўрвасини ичиб бўлишини кутдим. Холанинг ёғоч қошиқ тутган қўллари қалтираб турарди. Нимкоса овқатни чамаси ярим соатларда еб бўлди. Шундан сўнг, холадан менга рухсат беришини сўрадим. Хайри хола дастурхонга дуо тортиб, худди бир нарсани сезгандай, мени озғин, қоқсуяк қўллари билан қайта-қайта бағрига босиб дуолар қилиб хайрлашди.
Орадан уч кун ўтмай, Хайри хола бандаликни бажо келтирди. Жанозага жуда кўп одам йиғилди. Мен ҳам майит қўйилган хонага кириб бордим. Уй тўла хотин-халаж. Уйнинг ҳавоси димланиб кетган. Уйнинг ўртасига Хайри холанинг майитини қўйиб қизлари, сингиллари худди шеърий мисраларни ёд олгандай, қофия билан йиғлашаяпти. Милтиллаб ёш оқаётган кўзларим ўнгида мўлтирабгина сопол косасини пахта билан артаётган Хайри холанинг ажин тортган сиймоси ўтаверди. Юрагим бўшаб кетди. Ўша ҳолатни эслаганим сайин, кўзларимдан ёш қуйилиб келаверди, юзларимни юваверди… Бир пайт уйга қора чопон кийиб, белини боғлаб олган ўғли ўкириб йиғлаганча кириб келди.
–Онажоним, бизларни ташлаб кетган онажоним! Энди мен сизсиз нима қиламан, меҳрибоним?! – дея сели-себар бўлиб йиғлашда давом этди. Унга майит атрофини ўраб ўтирган аёллар увос солиб жўр бўлишди:
–Меҳрибоним, онам-а! Фариштагинам, онам-а!
Очиғи, мен карахт бир ҳолга тушган одамдай қотиб қолдим. Наҳотки, кексайганда онасини ёлғизлатиб қўйган, ҳатто, овқат ейдиган косасини хотинига айтиб ювдириб қўйишга қодир бўлмаган ношуд ўғил нега бунчалар куйиниб йиғлаяпти?! Йўқ, у онаси учун куйиб йиғлаётгани йўқ. Бу номард ўғил ўз обрўйи учун увиллаяпти. Эл олдида атайлаб юрак-бағри қон бўлгандай ўкираяпти.
Бир пасда юрагимни эзиб турган аламли ҳислар ўрнини ғазаб-нафрат эгаллаб олди. Қани иложим бўлса эди, бу нокасни туртиб-туртиб уйдан чиқариб юборсам! Иложим бўлса эди, “овқат еган сопол косасини пахта билан тозалаб артиб, токчага қўядиган онангдан” неча кунда бир кириб хабар олардинг инсофсиз, деган бўлардим. Ана, қутилдинг. Сохта ўкираверма, иймонсиз ўғил, деган бўлардим! Қонимизга сингиб кетган “андиша” отлиқ одоб туфайли бир оғиз сўз айтмадим, айтолмадим. Бир фурсат ўз ички ғалаёнларим билан овора бўлиб қолдим, бошим ғувиллаб, кўзим хиралашиб, қулоғим чиппа бекилгандай, ҳеч нарсани эшитмай қолди…
Камзулим чўнтагидаги доримни олиб тилим тагига ташлаб, атрофга беҳол қарадим. Йиғи-сиғи ҳамон авжида. Ким нима деб йиғлаяпти, тушуниб бўлмайди. Ғассол аёл майитни ювишга оламиз деяпти, шекилли. Шу пайт, нигоҳим ҳали ҳам аёллар орасида онасининг жасадини қучоқлаб, юзларини очиб қўллари билан силаб “Онамлаётган” бемеҳр ўғилга тушди. Унинг кўзлари жиққа ёш эди. Балки мен ношуд, нокас деб атаётган ўғил бугун чиндан ҳам боқий дунёга кетаётган онаси учун юракдан йиғлаётгандир. Ёки, онасини йўқотгандан сўнгина унинг қадрини билаётгандир? Унга қараб, ҳам кўнглим бузилди. Онасини тириклигида қадрлай олмай, жонсиз танасига ёпишиб йиғлаётган ўғилга раҳмим келди. Билмадим, бу дунё ўзи шундай яралганмикин…
Хайри холани абадий маконига қўйиб келишди. Қўшнилар уйларида пишириб олиб келган атала, қатиқ ошларини ўтирган аёлларга косаларга қўйиб улаша бошлашди. Мен у, бу юмушларга қарашиб юрган ёш жувонлардан бирига Хайри холанинг келинини чақириб юборинг, дедим. Бошига катта рўмол ташлаб олган холанинг келини кириб келди.
–Ҳа хола, чақирдингизми, – деди у рўмолининг учини тишлаган куйи кўзини ерга қадаб, – бирор гапингиз бормиди?
–Бор, қайнонангдан қолган сопол косани олиб кел, – дедим унга дағалроқ гапириб, – ўша косада қатиқ ош ичай, савоби тегсин. Ҳа, аввал косани сув билан тозалаб ювгин, тағин пахта билан тозаламагин!
Келин ердан кўзини узиб менга ялт этиб қаради. Зумда юзи дув қизариб кетди. Азахонада ўтирган, ҳеч гапдан бехабар аёллар менга ажабланиб қарашди…
Зарифа МАМАТОВА