Кийик ўтининг фойдаси ва зарари

0
12226
марта кўрилган.

Илмий табобатда ўсимликнинг дамламаси ва препаратлари юрак-қон томирлари тизими иш фаолиятини яхшилашда, артериал қон босимини пасайтиришда, ҳамда пешоб ҳайдовчи дори воситаси сифатида кенг қўлланилади. Ўсимликнинг ер устки қисмлари– пояси, барги ва тўпгуллари таркибида 2.5 фоизгача эфир мойлари, С, Е, А витаминлари мавжуд. Ҳозирги вақтда бу йиғма тиббиёт амалиётида жигар ҳасталикларини даволашда, айниқса сариқ касаллиги – гепатитни самарали даволашда ишлатилмоқда.

Ўсимликнинг тиндирмаси юрак неврозида, эрта климаксда, ёшга оид ревмокардитда, қон айланиши издан чиққанда, юракнинг ишемик касаллиги, коронар атеросклерозда, бош оғриғида, миокардитда минераллар алмашинувини тиклашда яхши ёрдам беради. Шунингдек, кийик ўти дамламасидан нафас маромини яхшилаш, аритмияни даволаш каби мақсадларда ҳам фойдаланиш мумкин.

Балғам кўчиши қийин бўлганда, қон босимини туширишда ўсимлик барглари озгина асал билан дамлаб ичилади.

Асабни тинчлантиришда, айрим тери хасталикларида зарарланган соҳани ювиш учун доривор исириқ билан қўшиб қайнатилади ва сузиб ишлатилади. Юраги хаста беморларга эса кийикўтга ялпиз қўшган ҳолда қабул қилиш тавсия қилинади.

Ревматизм асоратлари кузатилган болаларга кийик ўти дамламасини берганда ер устки қисмидан тайёрланган хомашёнинг 3 ош қошиғи олинади ва майдаланади. Сўнг 0,5 л қайноқ сувда дамланади ва кунига 3 маҳал 2 ош қошиқдан қабул қилинади.

Катта кишилар невроз, неврастения ва қон томир хасталикларига дучор  бўлганида кийик ўтининг қуритиб майдаланган поя ва баргларидан 2-3 ош қошиқ  олиниб, 0,5 л қайноқ сувда дамлаб, 30 дақиқа тиндирилади. Кунига оч қоринга 1-2 пиёладан ичилади.

Кўнгил айниши, ичак санчиқлари кузатилса, иштаҳа йўқолса қуритилган кийик ўтини майдалаб 250 мл сувда 3-4 дақиқа қайнатасиз. Бироз тиндириб кунига 4 марта 1 ош қошиқдан овқатдан олдин ичилади.

Қон босими ошганда 3 ош қошиқ қуритилган хомашёни 0,5 л тиббиёт спиртига солиб, 10 кун давомида тиндириб қўйилади. Кейин ярим пиёла сувга 25 томчидан қўшиб кунига бир марта ичилади.

Кийик ўти дамламаси  яллиғланишда яхши самара беради. Термозга (0,5л) бир ош қошиқ қуритилган ўсимликни дамлаб қўясиз ва кун давомида оч қоринга бир пиёладан ичиб юрасиз. Бу дамлама билан ревматизм, подагра, тиш оғриғи ва милк касалликларини ҳам даволаш мумкин.

Ўсимлик жиддий ножўя таъсирлари бўлмаган ўсимликлар гуруҳига киради, бироқ… Фақатгина гипотония яъни артерияларда қон босими паст бўлганида ва аллергик тери касалликларида кийик ўтини қўллашдан эҳтиёт бўлиш керак. Уни меъёридан кўп ичиш қон босими тушишига олиб келиши мумкин. Ўсимликларга аллергия бўлмаган одамлар бу кўкатни бемалол чой ва зиравор сифатида организмни соғломлаштиришда ишлатсалар бўлади.

Шунингдек, ҳомиладорликда ҳам кийик ўтига ружу қўйиш тавсия қилинмайди. Ибн Сино ҳомиладор аёл кийикўтдан нотўғри фойдаланса, ҳомиласи тушиши, пешобда қон пайдо бўлиши ҳақида эслатиб ўтган.

 Фазилат Саъдуллаева, фармацевт

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.