Долзарб мавзу: Интернет фирибгарлигидан огоҳ бўлинг!

0
328
марта кўрилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида мамлакатни иқтисодий ривожлантириш йўлида жуда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Кучли иқтисодий ислоҳотлар даврида мамлакатда турли соҳаларда ижобий ўзгаришлар юз бериши билан бирга ўзгалар мулкини  ўзлаштиришга қаратилган айрим жиноятларнинг содир этилиши давом этаётганлиги барчада хавотир уйғотиши ҳеч биримизга сир эмас.

Мамлакатимиз Конституциясида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақлилиги, банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидалигини, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкинлигини, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши. мулкдан фойдаланиш фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги ҳақида қатъий таъкидлаб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамла­катимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги вазифаларга бағишланган 2019 йилнинг 10 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек: – “Бугунги глобаллашув даврида янгидан- янги таҳдид ва хавф-хатарлар пайдо бўлмоқда, жиноятларни содир этиш усул ва воситалари, мақсадлари ўзгариб бормоқда. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда кейинги икки йилда мазкур масалалар бўйича 100 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди.

Кўрилаётган чора тадбирларга қарамай мамлакатимизда кибержиноятчиликлар айниқса Интернет фирибгарликлари сони ортиб кетмоқда.

Жиноят қонунига кўра фирибгарлик деганда, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш тушунилиши ҳақида расмий таъриф кўрсатиб ўтилган. Айни даврда инсоният тараққиёти, техника ва технологиялар ривожланиши натижасида барча жиноятларнинг, жумладан фирибгарликнинг ҳам турли хилдаги кўринишлари кўпайиб бормоқда. Булардан энг хатарли ва замонавий таҳдид — Интернет фирибгарлигидир. Интернет фирибгарлиги деганда, интернет жаҳон ахборот тармоғи ва инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда алдаш ёки ишончни суистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш тушунилади. Қуйида интернет фирибгарлигининг айрим турлари ва улардан ҳимояланиш йўллари ҳақида тушинтирамиз.

Киберсквоттинг (ингилизча сybersquatting) – бу пул топиш усули бўлиб, айрим компания ва брендларнинг янги турдаги маҳсулотларини таҳлил қилишга асосланган. Киберсквотер янги турдаги бу каби маҳсулотларни аниқлаганда унинг доменига ўхшаш доменни ўз номига расмийлаштириб, қайта сотиш мақсадини кўзлайди. Мисол учун киберсквоттерлар томонидан қуйидагича доменлар яратилиши мумкин:

– Korzinka.uz-Korzinkaa.uz/Korzinka3.uz;

– dba.uz-dba rasmiy.uz/ dbauz.uz.

 Киберсквоттернинг даромадларини қуйидагилар ташкил топади:

– Бренд эгасининг домен номини сотиш;

– Маҳсулот эгасининг ва бренднинг номини ва обрўсини қадрсизлантиришга олиб келиб, компаниянинг сохта веб-сайтини яратишга олиб келадиган маълумотлар тарқатиш. Шу сабабли Киберсквоттинг ноқонуний ҳисобланади.  

Киберсквоттингдан ҳимояланиш учун компания ва брендларнинг барча домен номини расмийлаштириб рўйхатдан ўтказиб қўйиш зарур.

Тайпсквоттинг кибберсквоттингнинг бир тури бўлиб, классик киберсквоттинг каби доменларни қалбакилаштириш билан эмас, балки ўхшаш домен яратиш орқали фаолият олиб боради. Бунда, домен номлари биргина ҳарфни тушириб қолдириш орқали шакллантирилади. Тайпсквоттинг доменларига мисол қилиб қуйидагиларни келтиришимиз мумкин:

https://yandex.uz/https://andex.uz/

https://nbu.uz/uz/https://nb.uz/uz/

Тайпсквоттингдан ҳимояланиш учун тегишли доменларни бир неча хил вариантларда расмийлаштириш натижасида тайпсквоттерлар ҳужумини олдини олиш мумкин.

Фишинг (инглизча-балиқ овлаш) – интернет фирибгарлигининг энг кўп тарқалган турларидан бири бўлиб, бунда фишерлар жабрланувчи шахсларнинг банк ҳисобрақамлари ва уларга тегишли идентификация рақамлари ҳамда кодларини қўлга киритиш учун уларни турли йўллар билан ишонтиришга ҳаракат қиладилар. Бундай жиноий фаолиятни амалга оширишда улар интернет, хусусан, “Instagram”, “Tik tok” каби ижтимоий тармоқлар,  “Telegram” ва “Watsapp” каби мессенжерлардан фойдаланадилар. Ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга ошириш учун фишерлар қуйидаги усулларни қўллайдилар:

Спам – бу усулда жиноятчилар жабрланувчини турли усуллар билан қўрқитгани ҳолда, жабрланувчининг ҳисоб рақамига, пластик карталарига уланиб олишни назарда тутадилар. Бундай тарздаги қўрқитишларга картангизга турли хилдаги абонент тўловлари уланиб қўйилганлиги ҳамда кунлик абонент тўлови ечилишини айтиб, уни ўчириб бериш мақсадида паролларни ва шахсий пластик карта маълумотларини сўраш киради.

 Товар ва хизматлар рекламаси — томонидан турли хилдаги интернет дўконларнинг қалбаки веб-сайтлари яратилиб, турли хилдаги маҳсулотларни етказиб бериш эвазига олдиндан пул талаб қилиб олинади. Пули тўланган маҳсулот эса албатта етказиб берилмайди. Троян дастурларни қўллаш орқали фирибгарликнинг сайтига кирувчи ҳаволалар тайёрланади. Ушбу ҳаволаларни устига босиш натижасида фишерлар томонидан тайёрланган турли хил дастурларни автоматик юклаб, Троян дастурларни қўллаш орқали фирибгарликнинг сайтига кирувчи ҳаволалар тайёрлашади.

 Сўнгги вақтларда фишинг фирибгарлигининг янги тури оммалашиб кетмоқда. Унга кўра фишерлар жабрланувчининг шахсга оид ҳужжатларининг сканер вариантини қўлга киритиб, улар номидан онлайн кредит олишмоқда.

Фишерлардан ҳимояланиш Фишинг фирибгарлигининг энг асосий жиҳати жабрланувчининг ишончини суистеъмол қилиш орқали ўз қабиҳ ниятини амалга оширишидадир. Шу сабабли фишерлар тузоғига тушиб қолмаслик учун қуйидагиларга жиддий эътибор қаратишимиз керак:

– Банклар ҳеч қачон ўз мижозларининг кредит карта рақамлари, пин-кодлари ва шахсий маълумотларини сўрамайди;

– Спам-хатлар орқали келган ҳаволаларга кирганда уларни ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилиш керак;

– Агар шахс ҳеч қандай лоторея ёки ютуқли ўйинларда иштирок этмаган бўлсада унга совринни қўлга киритгани ҳақида маълумотлар келса, демак булар аниқ фирибгарлардир;

— Сотувда бўлган маҳсулотларнинг таннархи бошқа интернет-дўконлар ёки шаҳобчалардагадан кўра паст бўлса, ушбу интернет-дўконнинг фирибгарлар томонидан яратилмаганлигига ишонч ҳосил қилиш керак.

Тўлов тизимидаги фирибгарликлар – интернет фирибгарлигининг оммабоп турларидан бири бўлиб, асосий эътиборни тўлов тизимидаги камчиликларни бартараф этган ҳолда тўловни ва пул ўтказишни амалга ошириш орқали пул маблағларини қўлга киритишни назарда тутувчи алгоритмлардир.

Сеҳрли ҳамён фирибгарлиги – фирибгарлар томонидан шахсларнинг пул маблағларини турли хилдаги фойда олиб келиши мумкин бўлган йўналишларга пул маблағларини жалб қилиш тарзида намоён бўладиган, ушбу соҳаларга ўтказилган пул маблағлари эса фирибгарнинг банк картасига тушиши назарда тутилади. Буларга, криптовалюта билан шуғулланиш таклифи кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Нигериянча мактублар – дастлаб Нигерияда сўнгра, ер юзида энг кўп тарқалган интернет фирибгарлиги бўлиб, бу фирибгарлик икки хил усулда амалга оширилади: Биринчи усул, турли хил таббий офатлардан, урушлардан ёки бошқача тарзда бошига оғир кун тушган фуқароларга маълум бир фойда евазига ёрдам бериш таклифи; Иккинчи усул, вақтинчалик маблағга эга емас бўлган, лекин тез орада жуда катта бойликка эришиши аниқ бўлган шахслар (собиқ диктаторнинг аёли, вафот этган вазирнинг ўғли) томонидан кейинсалик бир неча баравар қилиб қайтариб беришга вадалар бериб пул маблағларини олиш таклифи.

Алдаш дастурлари – интернет фирибгарлари томонидан ишлаб чиқилган танишувлар дастури (чат знакомств). Бу турдаги фирибгарлар ўзларини аёл киши сифатида таништириб, жабрланувчилар билан турли хилдаги интим муносабатларга киришишга рози бўладилар. Улар ўзлари ҳақида турли хил афсоналар, уйдирмалар айтиб, жабрланувчи билан бирга бўлиш ҳамда унинг ёнига бориш учун билетлар сотиб олиш каби чиқимларни қоплашга пул сўрайдилар.

Ҳимояланиш усуллари:

– ҳеч қандай сеҳрли ҳамён мавжуд эмаслиги ва ҳеч ким бегон инсоннинг қўлига пул тутқазиб қўймаслигига ишониш.

– шахслар билан ҳеч қандай юридик кучга эга бўлманган битимлар тузмаслик.

Ҳозирги вақтда нафақат Ўзбекистонда балки бутун ер юзидаги энг кўп учраётган жиноят бу фирибгарликдир. Мамлакатимиз Жиноят қонунчилигида интернет фирибгарлиги билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланганлиги фирибгарликнинг нақадар жирканч иллат эканлигидан далолатдир. Балким, машҳур адиб, ёзувчи Садриддин Айний ўзиннг “Судхўрнинг ўлими” қиссасини, буюк ҳинд арбоби Робиндранат Тагор “Нур ва соялар” асарини, рус романшуноси ўзининг “Тарас Бульба”сини шундай фирибгар, муттаҳам ва паст кишиларнинг қабиҳликларидан жирканиб ёзгандир Халқимизда: “Пулни ишлатиш топишдан кўра қийинроқ”, – деган нақл бор. Аммо, пок ниятлар ила ҳалол ишлаб топилгпн пул албатта баракали бўлиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Лекин, фарзандларимиз ризқи, рўзғоримиз ямоғига атаган пулимизни интернетдаги биз кўрмаган, билмаган, танимаган залолат кушандалари томонидан шилиб кетилиши аламли ҳолат. Шундай, экан бу каби фирибгарларнинг тузоғига учмаслик учун турли хилдаги осон бойлик орттиришга бўлган ундов ва алдовларга учмаслигимиз, қонун устуворлигини тан олган ҳолда фаолият юритмоғимиз даркор!

Абдиқодир Абдираимов,  Айбек Янгибаев,  Файзулла Абдуллаев,  ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.