Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ташаббуси билан ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Саммитда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян ҳам қатнашди.
Жорий йилдаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб, бўлажак 2023 йил учун устувор вазифалар муҳокама қилинди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон МДҲ доирасидаги ҳамкорликни уч йўналишда: сиёсат ва хавфсизлик борасида, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ривожлантирмоқда.
МДҲ маконида тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантириш ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш устувор вазифалардир.
Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, озиқ-овқат, энергетик ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган миллий дастур ва стратегияларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Ҳамдўстлик фаолиятидаги иштирокини фаоллаштирди, 40 дан ортиқ кўп томонлама битимларни имзолади ҳамда МДҲнинг 23 та тармоқ органларига қўшилди.
2022 йилда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик мамлакатлари билан товар айирбошлаши учдан бир ҳиссага ортди, 1 мингдан зиёд қўшма корхоналар ташкил этилди.
Бугун, 27 декабрь куни Президентимиз МДҲ давлатлари раҳбарлари билан биргаликда Санкт-Петербургдаги Давлат рус музейига ташриф буюрди. Бу ерда меҳмонлар музей тўпламидаги экспонатлар ва санъат асарлари билан танишди ҳамда норасмий учрашув ўтказди.
Шу билан давлатимиз раҳбарининг амалий ташрифи якунланди, у “Пулково” халқаро аэропортидан Тошкентга жўнаб кетди.