Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан “Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” шиори остида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармойиши ижроси доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари, ҳарбийлар, фахрийлар, марказий ОАВларида ҳарбий-ватанпарварлик мавзуини ёритишга ихтисослашган журналистлар, ўқитувчи ва курсантлар иштирок этди.
Тадбирда институт бошлиғи, профессор, подполковник Ҳ. Муҳиддинов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси Х. Салимов ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида Қуролли Кучларимиз жанговор салоҳиятини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни она юртга меҳри ва садоқатини оширишга алоҳида эътибор қаратилгани, миллий армиямизни ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, хусусан, ҳарбийларнинг жанговар шайлиги ва жисмоний тайёргарлигини ошириш, ушбу олий таълим муассасасида янгича ёндошувлар асосида замонавий ва сифатли таълим беришга алоҳида эътибор қаратилаётгани хусусида сўз юритди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Президентимиз ташаббуси билан бутунлай янгидан барпо этилган мазкур институтда ўқитувчи-офицерлар, курсантлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, ўқув даргоҳида таълим сифатини ошириш бўйича қилинаётган ишлар билан яқиндан танишди.
–Инсон қадри улуғланаётган юртимизда таълимга эътибор кучаймоқда, – дейди Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти бошлиғи ўринбосари, подполковник Файзулло Шерматов. – Кириб келган Янги йилга – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили, дея бежиз ном берилмади. Ҳарбийларимизнинг жанговор салоҳиятини ошириш – кўп жиҳатдан соҳа офицерларига, уларнинг илмига боғлиқ. Ўқитиш жараёнида мазкур жиҳатларни ҳисобга олиб, замонавий технололгиялар асосида, янгича ўқитиш усуллари, назария ва амалиётни уйғун ҳолда ташкил этмоқдамиз. Илмий изланишлар олиб борилмоқда. Мақсад – таълим сифатини янада ошириш.
Тадбир якунида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист”, таниқли шоир ва журналист, узоқ йиллар Мудофаа вазирлигининг “Ватанпарвар” газетасида фаолият олиб болрган Абдураззоқ Обрўйев ўз ижод намуналаридан ўқиб берди. Институт кутубхонасига Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан тайёрланган “Умид ёғдуси” номли китобдан ўнлаб нусха совға қилинди.