Мамлакатимиз Президенти томонидан барча соҳалар каби йўл ҳаракати хафсизлиги соҳасига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.
Сўнги йилларда мазкур соҳани ривожлантириш ва ислоҳ қилиш бўйича ҳам қатор Президент ҳужжатлари қабул қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил июль ойида қабул қилинган тегишли қарорлари билан тасдиқланган 2022 — 2026 йиллар давомида республика ҳудудида амалга оширилиши мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастури мазкур соҳада дастурул амал бўлиб хизмат қилмоқда десак муболаға бўлмайди.
Ўз навбатида адлия органлари томонидан ҳам ўзига юклатилган вазифа ва ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Преизиденти ҳужжатлари ижроси бўйича жойлардаги ҳолат мониторинги амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, юқорида таъкидлаб ўтилган «Хавфсиз ва равон йўл» Умуммиллий Дастурининг тегишли бандлари бўйича ҳам мониторинглар амалга оширилган.
Таъкидлаш жоизки, Умуммиллий Дастур доирасида вилоятда бир қатор ишлар амалга оширилган. Мисол учун, Умуммиллий Дастурда:
Маҳаллаларда йўл ҳаракати қоидалари ўргатиш майдончаларини ташкил қилиш; давлат мактабгача таълим ташкилотларининг тарбияланувчилари учун йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончаларини ташкил этиш; мактабларда йўл ҳаракати қоидалари ўргатиш синфхоналари ташкил қилиш бўйича муҳим топшириқлар берилган.
Шу асосда, вилоятда жами 52 та мактабда йўл харакати қоидаларини ўргатиш синфхоналари, 52 та маҳаллада йўл ҳаракати қоидалари ўргатиш майдончалари ҳамда 40 та давлат мактабгача таълим ташкилотининг тарбияланувчилари учун йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончалари ташкил этилди.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, юқоридаги топшириқлар ижроси болаларнинг мактаб ва боғча ёшидан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини ўрганишлари учун хизмат қилади.
Мамлакатимиз Президентининг 2022 йил 19 апрелдаги Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда улар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорлари қабул қилинган.
Мазкур қарорда масъулларга 2022 йил якунига қадар «Нурли маскан» мактаблари ҳудудида
«Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш махсус майдонча»лари ташкил этиш топшириғи берилган.
Мазкур топшириқ асосида вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармаси томонидан Хива шаҳрида жойлашган «Нурли маскан» мактабида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун мўлжалланган «Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш махсус майдонча»си ташкил қилинди.
Таъкидлаш жоизки, юқоридаги топшириқлар ижро жараёни вилоят адлия бошқармаси томонидан доимий мониторинг ва назорат қилиб борилди. Шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини сифатли таъминлаш бўйича масъул ташкилотларга доимий равишда ҳуқуқий-услубий кўмак ва кўрсатмалар бериб келинмоқда.
Р.Саттаров, Хоразм вилоят адлия бошқармаси Президент ҳужжатлари ижросини назорат қилиш бўлими бошлиғи