1 май куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Конституция бўйича референдумнинг муваффақиятли натижалари ва ушбу тадбир юксак халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этилгани билан табриклади, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Саноат кооперацияси бўйича йирик лойиҳаларни илгари суришда амалий натижаларга эришилаётгани қайд этилди.
Қардош халқларимизни яқинлаштиришда Ўш шаҳрида Бобур номидаги академик театрнинг янгиланган биноси очилгани ва Қўқон шаҳрида талабалар спартакиадаси ўтказилгани муҳим аҳамиятга эга.
Давлат раҳбарлари икки мамлакат оқсоқоллари ва ёшлари иштирокидаги Авлодлар мулоқотига пухта тайёргарлик кўриш бўйича топшириқ бердилар.
Минтақавий ҳамкорлик масалалари, шу жумладан жорий йилнинг июнь ойида Қирғизистонда ўтказиладиган кўп томонлама саммитга тайёргарлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.