Фароғат ХУДОЙҚУЛОВА: ШЕЪРИМ БОРАДИ…

0
205
марта кўрилган.

Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиевага бағишлайман.

Меҳрингиз шеър билан этганда изҳор,
Менинг ёш кўнглимда кўз очган баҳор,
Тангримдан ўтинчим, Сиз чекманг озор,
Ўзим бормаган кун шеърим боради…
Сиз дейсиз, шеър келтир, мўл келтираман,
Даста-даста қизил гул келтираман,
Гулга қўшиб ёниқ дил келтираман,
Ўзим бормаган кун шеърим боради…
Сатрларда ёрқин сўзлар тўқиймиз,
Яна давраларда шеърлар ўқиймиз,
Кўнглимизда зарра алам йўқ деймиз,
Ўзим бормаган кун шеърим боради…
Энтикиб ўқиймиз бир-биримизни,
Бахт билан безатиб қалб қўримизни,
Дийдор-ла поклаймиз шууримизни,
Ўзим бормаган кун шеърим боради…
Устозим, катта боғ янглиғ яшнарсиз,
Саксондан, юз ёшдан ошиб яшарсиз,
Муборак кунларга қадам ташларсиз,
Ўзим бормаган кун шеърим боради…
Келмоқда Устозим, дўстлар сийларга,
Саловотлар айтиб, қушлар сийларга,
Муқаддас, ўтнафас сўзлар сийларга,
Ўзим бормаган кун шеърим боради…

Фароғат ХУДОЙҚУЛОВА, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Фароғат Худойқулова ўз шеърида адабий тилда деярли ишлатилмайдиган сўзни қўллаб, ўзбек тилини  бойитган. Шеърда ишлатилган  сийламоқ сўзи халқ тилида яъни шеваларда кўп ишлатилади.  Шунингдек, халқ достонларида ҳам учрайди. Шоира Фароғат Худойқулова ўз шеърида ишлатилган ушбу сўзни шундай шарҳлайди: “Сийламоқ табриклаш, эъзозлаш, кўнглини кўтармоқ маъносида айтилади”.

Хоразм шевасида ҳам шу маьнода ишлатилади,  ҳурмат-у иззат қилиш маъноси хам бор. “Қайнонангини сийлайвер, бир кун ўзигга қайтади” дея ўгит беришади ота — оналар узатилаётган қизига. Ойдин опани ҳам Аллоҳ сийласин!!! Охиратини обод қилсин!!!

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.