МАШҲУР АЁЛЛАР ҳақида ҳикоялар: Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб мамлакатимизда

0
176
марта кўрилган.

Аёл — она, уй бекаси, тадбиркор, ўқитувчи, устоз, депутат, сенатор ва ҳатто, давлат раҳбари. У қайси лавозимда, қандай даражада ишламасин, ўз мақсади,олдига қўйилган талаб ва вазифани сидқидилдан бажаришга уринади. Ва аксарият ҳолларда бунинг уддасидан чиқади.

Бугунги кунда дунёга машҳур давлат, сиёсат арбоблари орасида хотин-қизлар талай. Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб ҳам юқоридаги таърифга муносиб муслима аёл.

Хабар берилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифига биноан, Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб бугун давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Дунё тарихида ва бугунги ҳаётимизда аёл Президентлар кўп эмас. Шу боис улар ҳақидаги маълумотлар доим қизиқарли.

Маълумотларга кўра, давлат раҳбари Ҳалима Яқубнинг отаси ҳинд, онаси малай бўлган. Афсуски, Ҳалима 8 ёшида отасидан айрилган. Оила бошлиғи вафотидан сўнг бева аёл беш фарзандни ёлғиз тарбиялаган. Ҳалима болалигини эсга олар экан, 10 ёшидан бошлаб онасига нон топишда кўмаклашганини хотирлайди.

Ҳалима Яқуб аввал қизлар мактабида ўқиди, 1978 йил Сингапур Миллий университетида ҳуқуқшунослик бакалаври, 2001 йил шу ерда ҳуқуқ йўналиши бўйича магистр даражасини ҳам қўлга киритади. 2016 йил 7 июлда университет унга “Фахрий юридик фанлар доктори” унвонини берди. Сингапурдаги малайлар ижтимоий ҳаётда эришган ютуқлари учун Халима Яқуб 2001 йил “Йил муваффаққияти”, 2003 йил “Йил аёли” унвонларига лойиқ топилган.

Сиёсатга киришдан олдин Ҳалима Касаба уюшмалари миллий конгрессида ишлади. 2001 йил сиёсий фаолиятини бошлаб, парламентга сайланди ва илк малай аёл сифатида депутатлик мандатига эга чиқди. 2011 йил ўтказилган сайловдан сўнг ижтимоий ривожланиш, ёшлар ва спорт вазири, кейинчалик ижтимоий сиёсат ва оила вазири лавозимларига тайинланди.

Ҳалима хоним 2013-2017 йиллар парламент спикери бўлиб ишлади. У мамлакат тарихида ушбу лавозимни эгаллаган биринчи аёл. Яқуб ўз компаниясини «Яхшилик қилинг, бирга ишланг» шиори остида олдинга бошлади. Унинг ғалабаси сайловдан олдин эълон қилинди, чунки сайлов комиссияси ушбу лавозим учун бошқа номзодга рухсат бермаган.

Ҳалима Яқуб сайловдаги ғалабасидан кейинги нутқида, жумладан, “Сингапурликлар президенти сифатида сизларни ишонтираманки, ирқи, тили, динидан қатъи назар, ҳар бирингизга хизмат қиламан”, деганди. Атрофидаги ҳукумат мансабдорларига эса шундай дейди: “Аллоҳдан қўрқаман. Ким Сингапур халқи манфаати учун мен билан шерик бўлиб ишламоқчи экан, унинг Аллоҳ йўлидаги синглисиман. Ташвишим — Сингапур халқи турмуш даражасини кўтариш. Мени бошқа нарса қизиқтирмайди».

Ҳалима Яқуб беш фарзанднинг онаси. Яманлик Муҳаммад Абдулла исмли инсонга турмушга чиққан. Ҳалима – ҳуқуқшунос, Муҳаммад эса – физик.  Улар университетда танишишган ва ўқишни тугатиб, икки йил ўтгач, турмуш қуришган. Муҳаммад Абдулла аёлига ҳам руҳан, ҳам уй ишида, ҳам фарзанд тарбиясида ёрдам  беради. Яқуб турмуш ўртоғини ўз мақсадлари катализатори сифатида кўради.

Ҳалима хоним ҳар кун аёл ёрдамчилари билан пойтахтдаги масжидда аёллар учун ажратилган бўлимда бомдод намозини ўқийди.

Ҳалима Яқуб олиб борган сиёсат, ислоҳот самараси ўлароқ, ҳозир мамлакатда ишсизлик, атиги, 1 фоизни ташкил қилади. Ўн мингга яқин йирик корхонада одамлар иш билан банд. Сингапурда ишлаб чиқариш корхоналари солиқдан озод қилинган.

Ўтган асрнинг 70 йилларига қадар энг қашшоқ ҳудудлардан саналган ушбу давлат қисқа фурсатда дунёдаги энг тараққий этган давлатлар қаторига қўшилди. Бунда, айниқса, моҳир ва донишманд етакчи, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ли Куан Юнинг хизмати беқиёс. Айнан унинг кенг қамровли ислоҳоти туфайли Сингапур тараққиётнинг юксак чўққисига эришди.

Сингапур юксак даражада тараққий топган давлат сифатида ўзида улкан иқтисодий, молиявий ва инсон капиталини мужассам этган. Аҳолиси салкам 6 миллион кишини ташкил қиладиган давлатда ялпи ички маҳсулот қиймати 379 миллиард долларга тенг, йиллик даромад эса ҳар бир фуқарога 65 минг доллардан тушади. Паспорти жаҳондаги энг кучли паспортлардан. Аҳолининг энг кўп қисми (74 %) этник гуруҳ аъзолари – Хитойликлар. Кейин малайлар (13%) ва ҳиндулар (9%). Мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 14 фоизини ташкил қилади.

Сингапур электроника, кимё саноати, биотехнология, банк соҳаси, логистика ва транспорт машинасозлиги каби муҳим тармоқлар жадал ривожланган, йирик иқтисодиётга эга давлат.

Ўзбекистон – Сингапур муносабатини шартномавий-ҳуқуқий базаси 14 ҳужжатдан иборат. Шулардан 6 таси давлатлараро ва ҳукуматлараро, 6 таси идоралараро ва 2 таси тармоқлараро ҳужжатлар.

Қувонарлиси, икки мамлакат ўртасида савдо айирбошлаш суръати доимий равишда ўсиб, 2017 йилдаги 92,6 миллион доллардан 2022 йил 143 миллион доллар (экспорт – $ 105 миллион, импорт – $ 38 миллион)га етди. Давлатларимиз ўртасида фан, таълим соҳаларида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Сингапур раҳбарининг мамлакатимизга бу галги ташрифи давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатни ҳар томонлама юксак даражага олиб чиқиш, икки томонлама алоқани ҳар жиҳатдан ривожлантиришга замин яратади.

Гўзал Сатторова тайёрлади. ЎзА 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.