Эзгуликнинг эгасига қайтиши: БИР СТАКАН СУТ

0
154
марта кўрилган.

Говард Келли ота-онадан етим қолган жуда камбағал ўсмир бола эди. Нон топиш ва ўқиш учун уйма-уй юриб буюрилган хизматларни бажарар, эвазига унга турли майда-чуйда нарсаларни беришарди.

Бир куни чўнтагида бир цент ҳам қолмади. Очликдан қийналиб кетди ва энг яқин уйга бориб, овқат сўрашга қарор қилди. У жуда хижолат бўлди, лекин уйга яқинлашганда, уни қатъият туйғуси эгаллади: улар рад этадилар ёки нимадир беришлари мумкин. У қатъият билан қўнғироққа қўл чўзди ва тугмани бир неча марта босди. Аммо ёш ва чиройли қиз эшикни очганда, Говард бирдан жим бўлиб қолди. Яқинда пайдо бўлган қатъиятдан асар ҳам қолмаганди. Шунчаки у қиздан овқат сўрашга уялди. У ҳаяжондан дудуқланар экан деди:

– Сиздан… бир стакан сув сўрасам бўладими? Қиз йигитнинг қорни очлигини тушунди ва унга бир стакан сут олиб келди. Ховард уни секин ичди ва сўради:

–  Сиздан қанча қарзим бор?

 – Сиз менга ҳеч нарса қарздор эмассиз, – деб жавоб берди қиз. – Ойим менга ҳеч қачон яхшилик учун ҳеч ҳақ олмасликни ўргатган.

–Ундай бўлса, катта раҳмат! – жавоб берди Ховард.

Говард Келли бу остонани тарк этгач, ўзини нафақат жисмонан, балки руҳий жиҳатдан ҳам кучлироқ ҳис қилди. У шунга амин эди: дунёда шундай саховатли, меҳрибон инсонлар бор экан, ҳаммаси яхши бўлади!

Кўп йиллар ўтди. Ва бир куни шу шаҳарда яшовчи ёш аёл оғир касал бўлиб қолди. Маҳаллий шифокорлар нима қилишни билмасдилар. Охир-оқибат, уни тажрибали мутахассислар кўригидан ўтказиш учун катта шаҳарга юборишга қарор қилишди. Маслаҳатга таклиф қилинганлар орасида доктор Ховард Келли ҳам бор эди. Бу аёл келган шаҳарнинг номини эшитиб, юзи ёришиб кетди. У дарҳол ўрнидан турди ва аёл ётган хонага борди. Йўлдан чарчаб келган аёл ухлаб ётарди. Доктор жимгина хонага кириб, уни дарҳол таниди. Ҳа, бу уни бир стакан сут билан меҳмон қилган қиз эди. Касаллик тарихи ва таҳлил натижаларини ўргангач, шифокорнинг юзи қорайиб кетди.

– У ҳалокатга маҳкум! Доктор ўз кабинетига қайтиб, бир муддат жим ўтирди ва нималарнидир ўйлар эди. У ўша аёл ҳақида, унга ёрдам беришга ожизлиги, тақдирнинг адолатсизлиги ҳақида ўйлади. Аммо, қанчалик кўп ўйласа, қарори шунчалик қатъийлашди. Ниҳоят, у стулдан сакраб турди ва: «Йўқ, мен уни қутқариш учун ҳамма ишни қиламан, бу мумкин эмас!» деди.

Ўша кундан бошлаб доктор Ховард Келли беморга алоҳида эътибор қаратди. Ва қарийб саккиз ойлик узоқ ва машаққатли курашдан сўнг, доктор Келли даҳшатли касалликни мағлуб этди. Ёш аёлнинг ҳаётига энди касаллик хавф солмасди. Доктор Келли шифохонанинг бухгалтерия бўлимидан аёлнинг даволаниши учун тўлов ҳисобини сўради. Ҳисобни унга олиб келишганда, кўрдики, тўланиши керак бўлган маблағ жуда катта эди. Ва бу ажабланарли эмасди — уни нариги дунёдан тортиб олинди, деб айтиш мумкин. Доктор Келли ручкани олдида, ҳисоб варақанинг пастки қисмига нимадир ёзди ва қоғозни аёлнинг хонасига олиб боришни сўради.

Тўлов қоғозини олган аёл уни очишга қўрқди. У бу тўловни амалга ошириш учун умрининг охиригача тинимсиз меҳнат қилишига ишончи комил эди. Охир-оқибат, ўзини енгиб, ҳисобни очди. Ва унинг эътиборини тортган биринчи нарса қўлда ёзилган «Тўланган» деган ёзув эди.

Ёзув тагида шундай дейилган: “Бир стакан сут билан тўлиқ тўланган. Доктор Ховард Келли». Аёлнинг кўзларидан қувонч ёшлари оқди, юраги илиқлик ва миннатдорликка тўлди.

Бу ривоят ёки уйдирма ҳикоя эмас: Доктор Келли (Ҳовард Келли, 1858 — 1943) таниқли терапевт, Америка Қўшма Штатларидаги биринчи Жон Хопкинс тиббиёт тадқиқот университети асосчиларидан бири. Доктор ва унга берилган бир стакан сут ҳақидаги ҳикоя ҳам ҳақиқат. Бу унинг котиби томонидан қайд этилган.

Интернетдан Манзура БАХТИЁР таржимаси.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.