Мен кеча қўшним билан суҳбатлашдим. Ундан «Нега бунчалик ғамгинсиз?» – деб сўрадим. У ўйчан хўрсинди, маъюс жилмайиб жавоб берди: – Ортимга қарашга ҳам улгурмадим, бир зумда умр ўтди.
Албатта, мен уни тинчлантиришни бошладим, кейин у мени ушбу ҳикояга илҳомлантирган иборани айтди.
– Мен пул топаман, уй қураман, болаларим катта бўлади ва кейин мен ўзим учун яшайман, деб ўйладим. Ўшанда салонда сочимни турмаклатаман, фақат чиройли кўйлаклар кияман, дедим. Ахир, мен доим шим кийиб юраман, – у ўзининг бақувват сонларига урди, – чиройли кўйлаклар ҳақида орзу қиламан, лекин иш қилишга шим қулайда…
У жим қолди. Мен унга жавоб беришга шошилмадим.
– Болалар катта бўлди, иморат қурилди, ҳозир пул ҳам бор, лекин … Мен ҳали ҳам жинси шимда юрибман. Ҳаа… соч турмагим ҳалиям ўша-ўша – от думига ўхшаган …
Дугонамнинг кўнглини кўтаришни жуда хоҳладим: – Хўш, нима муаммо? Юринг, сартарошга борамиз! Замонавий кўйлак ҳам сотиб оламиз!
У ҳорғин жилмайиб қўйди ва жавоб берди: – Хоҳламайман. Чарчаганман. Кўрмаяпсизми, умр умидларни оқламади. Абадий шовқин-сурон ичида неча ёшга кириб қўйганимни сезмай қолдим. Каламуш пойгаси ғалаба қозонди.
Ярим тунгача унинг сўзлари ҳақида ўйладим. Каламуш пойгаси ғалаба қозонди … Бу аёлда энди «эртага» деган орзу йўқ. У қуриди, сарф бўлди. Афсуски, бу мисол ягона ҳаётий мисол эмас. Бундай миллионлаб инсонлар бор. Бир куни мен ажойиб бир иборани ўқиб қолдим: – «Кейин» деб аталган йўл «ҳеч қачон» деган мамлакатга олиб боради. Шу дамда, ҳозир яшанг! Орзуларингизга эргашинг. Керакли қарорни бугун қабул қилинг!
Ҳаракат қилинг! Ердаги ҳаёт бир марта берилади! Чиройли таомлардан еб-ичинг. Чиройли идишларни асраб қўймай бугун ишлатинг, гўзал либослар сотиб олинг. Янги меваларнинг таъмидан роҳатланинг — уларни музлатиб ёки мураббо қилиб витаминларини нобуд қилманг. Олмаларни меҳмонга асраб, мазасини йўқотишини кутманг.
Замонавий кўйлак ва пойабзал кийинг, ўзингизни севсангиз сизни бошқалар ҳам севади. Севимли қаҳвангизни ичинг – ҳужайраларингиз яйраб нафас олсин. Китоб ўқинг, саёҳат қилинг. Ниҳоят, тансиқ таомлар пиширинг, уларни тайёрлашни вақт йўқлиги туфайли доим орқага сурманг.
Энг муҳими — атрофдагиларга меҳр беришни кейинга қолдирманг, мулойимлик, самимийлик, ғамхўрликни тежаманг. Севишингизни айтишдан уялманг! Қучоқланг, яқинларингизни ўпинг. Илтифот қилинг. Юрагингизни бўшатинг.
Буларнинг барчаси сизни бахтли қилади! Бахтли одам ҳамма нарсага қодир!
Манзура БАХТИЁР таржимаси