Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё аҳлининг соғлигига кескин салбий таъсир кўрсатаётган 10 сабабни эълон қилиб, бутун жаҳон ҳамжамиятини ана шу муаммоларга қарши курашишга чақирди.
Соғлиқни сақлаш бутунжаҳон ташкилотининг сайтида кўрсатилишича, бу жиддий муаммолар қуйидагилардан иборат:
- Ҳавонинг ҳаддан зиёд ифлосланиши.Дунёда ўнтадан тўққиз киши ифлосланган ҳаводан нафас оляпти. Ер юзининг 91 фоиз аҳолиси ҳавоси ифлосланган ҳудудларда яшайди. Осиё ва Африка қитъасида йилига 7 миллион киши ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши натижасида вафот этмоқда. Дунёда йилиги 4,2 миллион киши мунтазам равишда очиқ ҳаводаги ифлосланиш, 3,8 миллиони эса бино ичида маиший чиқиндилар натижасида тўпланувчи зарарли ҳавони ютиши оқибатида вафот этмоқда.
- Қандли диабет, саратон, юрак хуружи каби юқумли бўлмаган касалликлар. Бугун дунёда вафот этаётганларнинг 70 фоизи ана шу касалликлар туфайли оламдан ўтяпти.
- Грипп ва ОРВИ. Бугун Соғлиқни сақлаш бутунжаҳон ташкилоти грипп ва ОРВИга қарши курашиш учун мавсумий эмланишни тавсия этади.
- Ёмон турмуш шароити. Дунё аҳлининг 22 фоизи инқирозли турмуш шароити (очарчилик, қурғоқчилик, уруш ва ҳакозо) ёки соғлиқни сақлаш хизмати талабга жавоб бермайдиган шароитда яшайди.
- Антимикробларга қаршилик ҳолати. Антибиотик воситаларнинг кашф этилиши кишилик жамиятининг катта ютуқларидан бири. Лекин кишиларнинг ҳаддан ташқари мазкур воситаларни кўп қабул қилиши организмдаги турли микроб ва бактерияларни ана шу антибиотик дориларга чидамли қилиб қўяди. Бунинг натижасида эса дори организмга таъсир этмай, ўлим даражасигача етиб келиши мумкин. Масалан, бугунги кунда дунёда 10 миллион одам сил касаллигига учраса, унинг 1,6 миллиони шифо топмай вафот этмоқда.
- Эбола ва бошқа юқори хавфли патогенлар. Эбола ва бошқа юқори хавфли юқумли касалликлар эпидемияси натижасида бугунги кунда йилига миллионлаб кишилар вафот этмоқда.
- Тиббий хизматнинг яхши эмаслиги. Айниқса, ривожланаётган давлатларда тиббий хизматнинг яхши эмаслиги, касалликларнинг вақтида олди олинмаслиги ёки тўғри даволанмаслиги дунё аҳлининг соғлигига катта хавф солмоқда.
- Вақтида ёки умуман вакцинация қилинмаслиги. Баъзи касалликларга қарши вакцинация ўз вақтида олинса, йилига 2-3 миллион ўлимнинг олди олинган ва яна 1.5 миллион киши маълум бир касалликларга умуман учрамаган бўлар эди, деб ёзилади Соғлиқни сақлаш бутунжаҳон ташкилотининг сайтида.
- Денгей касаллиги. Бангладеш, Ҳиндистон, Непал каби тропик мамлакатларда мавжуд бўлган денгей чивини кўплаб кишиларни ёстиғини қуритади. Кўринишидан грипп ва ОРВИга ўхшаб кечувчи бу касаллик натижасида йилига 390 миллион киши касалланади.
- ОИТС. Бугунги кунда дунёда йилига ўртача 1 миллион киши ОИТСдан вафот этмоқда. Дунёда ҳозир 37 миллион одам ушбу касалликка чалинган.
Сурат Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сайтидидан олинди.
Ойдин САЪДУЛЛАЕВА тайёрлади.