“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга шунингдек, уларнинг қарамоғидаги фарзандларига тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати аниқланганда, I гуруҳ ногиронлиги бўлган болаларининг ёшидан қатъи назар уларнинг саломатлиги ҳудудий бирламчи тиббий — санитария муассасасидан шифокор жалб қилинган ҳолда баҳоланади.
Ўрганиш натижасига кўра тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати аниқланганда, белгиланган тартибда тегишли бирламчи тиббий — санитария муассасасига йўналтирилади ва стационар ёки амбулатор даволаниш масаласи ҳал этилади.
Тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифага кирадиган вилоят ёки республика даражасида даволаниши лозим деб топилган хотин-қизлар, шунингдек, уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъи назар) фарзандлари белгиланган тартибда электрон навбатга қўйилиши таъминланади.
Ногиронлик белгилари аниқ намоён бўлган беморлар белгиланган тартибда кўрикдан ўтиш учун Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига юборилади.
Шунингдек, дори-дармон олиб бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача ҳамда мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача миқдордаги харажатлар тўлаб берилади.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёки сурункали касалликларга чалинган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ва (ёки) уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъи назар) фарзандларининг, шунингдек, лозим бўлганда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамроҳлик қилувчининг Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудида жойлашган тиббий муассасаларга даволаниш учун бориш-келиш йўл харажатлари тўлаб берилади.
Бунда хотин-қизлар йўл харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тегишли туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимига тақдим этади.
Йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда, йўлкирага ҳақ тўлаш ҳар бир километрга базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,08 фоизи миқдорида амалга оширилади.
Беморни махсус транспорт воситасида тиббий муассасага етказиш лозим бўлган тақдирда, йўл харажатларини тўлаб бериш учун туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси хулосаси олинади.
gujum.uz