Пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейида Абу Райҳон Берунийнинг «Китоб ас-сайдана фи-т-тиб» («Табобатда доришунослик») номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан ҳамкорликда буюк аллома бобомиз Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар ғоят кўтаринки руҳда ўтмоқда.
Тадбирда «Маърифат» тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов Абу Райҳон Берунийнинг мероси жаҳон илм-фани меросига дахлдор эканини таъкидлади. – Беруний жаҳон фан ривожланишига катта ҳисса қўшган мутафаккирдир, – деди халқаро анжуман иштирокчиси, Қоҳира университети тиллар кафедраси профессори Жалал Олсаид Алҳефнавий.
– Беруний ҳинд маданияти ҳақида ёзаркан, бу маданиятни юнон тамаддуни билан солиштирди. Ҳиндистонда 14 йил яшаган олим жуда кўп асарлар ёзган бўлса-да, уларнинг энг буюги «Ҳиндистон» асаридир.
Дарҳақиқат, Абу Райҳон Беруний серқирра олимлиги билан дунё академик доираларининг ҳамон эътиборида бўлиб келмоқда. Унинг тадқиқотлари математика, геодезия, геология, тилшунослик, астрономия, география, фалсафа, тарих, минералогия, тиббиёт каби кўплаб фанлар билан бирга доришунослик фанини ҳам қамрайди.
Тақдимотда тадбир иштирокчиларига махсус сертификатлар топширилди.
Назокат Усмонова, ЎзА