Президент Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент шаҳридаги янги инфратузилма иншоотлари ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишмоқда, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Сўнгги йилларда пойтахтимиз ҳам аҳоли, ҳам ҳудуд жиҳатидан ўсмоқда. Муҳандислик тармоқлари қуввати шунга мутаносиб тарзда ошириб борилмоқда.
Хусусан, Шайхонтоҳур туманида, «Пахтакор» стадиони яқинида янги подстанция қурилди. Лойиҳа доирасида «Тракторсоз» подстанциясидан 19 километрдан зиёд кабел тортилиб, 2 та трансформатор ўрнатилди. У келгуси ойда ишга туширилади. Бунинг натижасида пойтахтимиз марказида кафолатланган 130 мегаватт қўшимча электр энергияси ҳосил бўлади. Шаҳардаги бошқа подстанцияларга юклама камайиб, авариявий ҳолатлар эҳтимоли 60 фоизга қисқаради.
Давлатимиз раҳбари шу ерда Тошкент шаҳри электр таъминоти тизимидаги қурилиш ва модернизация ишларига оид тақдимот билан танишди. Яна бешта подстанция қурилаётгани ва тўрттаси янгилаётгани, уларда жами 850 мегаватт қўшимча қувват яратилиши қайд этилди.